Фаластиндаги хунрезликлар бўйича мустақил комиссия таркиби эълон қилинди
БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгаши Фаластинда содир этилган хунрезликлар бўйича 2014 йил 11 август куни баёнот бериб, уларни ўрганиш бўйича мустақил комиссия таркибини эълон қилган.
Маълум қилинишича, “уч нафар аъзодан иборат комиссия Босиб Олинган Фаластин Ҳудуди, шу жумладан, Шарқий Қуддус ва, айниқса, Ғазо Секторида 2014 йил 13 июнда бошланган тўқнашув давомида халқаро гуманитар ҳуқуқ ва инсон ҳуқуқларининг бузилиш ҳолатларини ўрганади”.
БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашининг шу йил 23 июль куни бўлиб ўтган навбатдан ташқари йиғилишида мазкур Комиссияни тузиш ҳақида қарор қабул қилинган эди. Ўшанда Кенгашнинг 47 аъзосидан фақат битта давлат – АҚШ қарорга қарши овоз берган, 29 та давлат қарорни қўллаган бўлса, 17 таси – бетарафлигини билдирган.
Қабул қилинган қарорга мувофиқ, Комиссия ўз ишини 2015 йил март ойига қадар давом эттиради ва белгиланган муддат ниҳоялангач, Инсон ҳуқуқлари кенгашига ўзининг ёзма ҳисоботини топширади. Ҳисоботда содир этилган хунрезликларга оид далил ва исботлар, шунингдек уларнинг содир этилишида айбдор бўлганлар ҳақида маълумотлар акс эттирилиши назарда тутилган. Шунинг баробарида, фуқароларнинг ҳимоясини бундан буён яхшилаш ва бу каби хунрезликларнинг олдини олиш мақсадида, айбдорларни жавобгарликка тортиш бўйича Комиссия томонидан тавсиялар ишлаб чиқилиши ҳам кутилмоқда.
Фаластинда содир этилган хунрезликларни ўрганиш бўйича мустақил комиссия таркиби қуйидагича:
Уильям Шабас (Канада) – комиссия аъзоси ва раиси. Халқаро жиноят ҳуқуқи ва инсон ҳуқуқлари бўйича профессор аёл. Маълум муддат Сьерра-Леон бўйича келиштирув комиссияси ҳамда Инсон ҳуқуқлари соҳасида техник ҳамкорлик қилиш бўйича БМТ ихтиёрий жамғармасида ишлаган.
Амал Аламуддин (Британия) – комиссия аъзоси. Лондонда фаолият олиб борувчи ҳуқуқшунос аёл. Халқаро ҳуқуқ ва инсон ҳуқуқлари бўйича мутахассис. Маълум муддат Халқаро адлия судида, шунингдек Ливан бўйича махсус трибунал прокурорининг маслаҳатчиси сифатида ишлаган.
Дуду Дьен (Сенегал) – комиссия аъзоси. Маълум муддат БМТнинг Ирқчилик, ксенофобия ва шунга ўхшаш бетолерантлик масалалари бўйича махсус маърузачиси лавозимида, шунингдек Кот-д-Ивуардаги инсон ҳуқуқлари ҳолати бўйича мустақил эксперт сифатида ишлаган.
БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгаши 2006 йилда таъсис этилган бўлиб, Бош Ассамблея, Хавфсизлик кенгаши ҳамда Иқтисодий ва ижтимоий кенгаш қаторида мазкур халқаро ташкилотнинг асосий тузилмаларидан ҳисобланади. У жуғрофий мансублик асосида муайян муддатга сайланиб турадиган 47 нафар аъзо-давлатлардан иборат.



