Британия қироличасининг келини мусулмон болакайнинг саломатлигини сақлаб қолди
Уэссек графиняси Софи, 7 ойлик мусулмон болани кўр бўлиб қолишдан қутқарди. Бу графинянинг Бангладешга хайрия сафари чоғи содир бўлди.
Инглиз графиняси қиролича Елизаветанинг хайрия жамғармаси топшириғи билан чекка Барисал вилоятига йўл олган эди, дея хабар беради The Daily Mail.
Сафар чоғи Елизавета II нинг кичик ўғли шаҳзода Эдварднинг рафиқаси бир мусулмон оилада ўсаётган етти ойлик Жунайд билан танишди. Бола билан суратга тушаётиб графиня унинг кўзида касаллик аломатларини сезиб қолди.
Софи кўз шифокорини чақирди ва Жунайдга Шри-э-Бангладаги касалхонада ўз вақтида тиббий ёрдам кўрсатилишига муваффақ бўлинди.
«Жунайднинг кўзи даволангани яхши бўлди, чунки кўпинча ота-оналар бу касалликни вақтида пайқамайдилар ва даволатмайдилар», – деди доктор Астрид Бонфилд.
«Болакайга графинянинг меҳри тушиб қолди. Кимнингдир ҳаётини сақлаб қолганингни билишдан ортиқ бахт борми?!», – дея сўзларини якунлади шифокор.



