Ғазо инқирози: томонлар келишувга эришдилар

Жаҳоннинг қатор оммавий ахборот воситалари тарқатган хабарларга кўра, Миср пойтахти Қоҳира шаҳрида Исроил ва Фаластин ўртасида узоқ муддатга мўлжалланган ўт очишни тўхтатиш тўғрисида келишувга эришилган. Келишув 26 август сешанба куни маҳаллий вақт билан соат 19:00 (GMT 16:00 ) да кучга кирган.
Фаластин президенти Маҳмуд Аббос давлат телевидениеси орқали ўз халқига мурожаат этиб, ўт очишни тўхтатиш тўғрисидаги келишувни қабул қилганлигини билдирган.
Исроил ҳукуматининг матбуот котиби Марк Регев “мазкур ўт очишни тўхтатиш ҳақидаги келишувга амал қилинади, деб умид қиламиз”, деган.
“Ҳамас” ушбу келишувни “қаршилик кўрсатиш ҳаракати учун ғалаба”, деб атаган.
Фаластин расмийларининг билдиришича, Мисрда эришилган келишув Фаластин қамалини сезиларли даражада юмшатишни назарда тутади. Жумладан, Исроил ва Фаластин ўртасида назорат-ўтказиш пунктлари ишга туширилади, Миср-Ғазо чегараси ҳам очилади. Фаластиннинг Ўртаер денгизидаги балиқчилик ҳудуди кенгайтирилади.
Мазкур келишув БМТ, АҚШ ва қатор бошқа мамлакатлар томонидан ўша заҳотиёқ қўллаб-қувватланган.
Жумладан, БМТ Бош котиби Пан Гимун эришилган келишув ҳақида гапирар экан, жумладан, шундай деган: “...тинчлик йўлидаги ҳар қандай уринишлар инқирознинг туб сабабларига қарши курашмас экан, унда (ҳар қандай келишув) зўравонликнинг кейинги босқичига тайёрланишдан бошқа нарса бўлмай қолади”.
Ғазо инқирози: келишувга қадар
Исроил ва Фаластин 26 август куни ўт очишни тўхтатиш тўғрисидаги келишувга эришишларидан аввал, Ғазо Секторидаги вазият ҳалокатлигича қолмоқда эди.
Жумладан, Исроил ҳарбийлари ҳаводан Ғазо Секторига “огоҳлантириш” варақаларини тарқатиб, фаластинликларнинг уйлари ва бошқа хўжаликларини ўққа тутиши мумкинлиги ҳақида маълум қилган. Бундан ташқари, Сектор аҳолиси бу каби “огоҳлантириш”ларни телефон хабарлари (овозли хабар, SMS) тарзида ҳам олганлар. Бу орқали, исроилликлар Фаластин аҳлини ваҳимага солиш ниятида эканликлари айтилмоқда. “Ҳамас” ташкилоти Исроилнинг бундай уринишларини “қўрқоқлик нишонаси”, деб баҳолаган.
Секторнинг шимолий қисмидаги Байт Ҳонун аҳоли пунктида ва Ғазо шаҳрида Исроил кучлари томонидан яна иккита масжид вайрон қилинган. Бундан ташқари, Ғазодаги аҳоли истиқомат қиладиган энг баланд иморат ҳам бузиб ташланган.
Шу орада, Исроил зарбаларидан яна бир нафар мухбир ўлдирилган. У эндигина 25 ёшга тўлган Абдуллоҳ Мортажий исмли журналист эканлиги ва “Al-Aqsa Media Network” ахборот агентлигида ишлагани маълум қилинган.
Исроил Бош вазири оммавий ахборот воситалари орқали чиқиш қилиб, Исроилнинг Ғазо ҳужуми “керагича давом эттирилиши ва белгиланган мақсадларга эришилмагунича тўхтатилмаслиги” ҳақида сўз юритган.
Миср расмийлари Исроил ва Фаластин ўртасида ўт отишни тўхтатиш тўғрисидаги музокараларни давом эттиришни таклиф этишган ва бу йўлда фаол иш олиб боришган. Изоҳ берилишича, келишув натижасида Ғазо қамалини бироз бўлса-да енгиллатиш мумкин бўларди, жумладан инсонпарварлик ёрдами, шунингдек Секторни қайта қуриш учун қурилиш материаллари юкланган транспорт воситалари у ерга ўта олиши керак. (Айрим ҳисоб-китобларга кўра, Ғазода тинчлик ўрнатилган тақдирда, уни тўлиқ қайта тиклаш учун камида 16 йил кетаркан).
Шу йил 7 июлда бошланган ва 26 август кечки пайтга қадар давом этган Исроил вахшийликлари натижасида ҳалок бўлган фаластинликларнинг умумий сони 2120 кишидан ортиб кетди.
Жумладан, БМТнинг Болалар фонди – UNICEF ташкилоти берган рақамларга кўра, инқироз бошланганидан шу кунга қадар Исроил ҳужумлари натижасида 500 нафарга яқин Фаластин болалари ўлдирилган, 3000 га яқин болалар турли даражада яраланганлар, 50 мингдан ортиқ болалар уй-жойсиз қолганлар. Фаластин Соғлиқни сақлаш вазирлигининг таъкидлашича, мазкур рақамлар аслида бунданда юқори.
Эслатиб ўтамиз, 2009 йилда Исроил ҳарбийлари томонидан уч ҳафта давомида содир этилган қирғин натижасида камида 1500 нафар фаластинлик ўлдирилган эди.
Аксарият таҳлилшунос олимлар Исроил Фаластин ерларида этник тозалаш ишларини олиб бораётганлиги ва у ерларни келажакда айнан исроилликлар учун мақсадли тарзда бўшатаётганлиги ҳақида фикр билдирмоқдалар. Бу борада, айрим “хабардор” ҳуқуқшуносларнинг билдиришича, Исроил “Даҳия” номли доктринани қўлламоқда. Унга кўра, тинч аҳоли вакиллари, уларнинг уй-жойлари ва яшаш воситалари атайлаб нишонга олинади. Исроил томонидан ўтган йиллар мобайнида амалга оширилаётган ҳаракатларни кузатиб, бунга амин бўлишингиз мумкин, дейилади хабарларда.