“Пактингаям...! Тавсияларинггаям...!”

“Пактингаям...! Тавсияларинггаям...!”

Куни кеча БМТнинг Инсон ҳуқуқлари қўмитасида Исроил томонидан Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактнинг ижро этилиши кўриб чиқилди. Хабар қилинишича, Исроил пактнинг фақат Исроилдаги ижроси юзасидан маълумот тақдим этган, холос. У томонидан босиб олинган Фаластин ҳудудларига оид маълумотлар Исроил ҳисоботида акс эттирилмаган.

Исроил вакилларининг даъво қилишича, мазкур давлат Фаластин ҳудудлари бўйича ахборот тақдим этиш мажбуриятини олмаган. Бироқ, масъул қўмита ҳамда Халқаро адлия суди Исроилнинг бу фикрига қўшилмаган.
Хусусан, Инсон ҳуқуқлари қўмитасининг раиси Найжл Родли Исроилнинг пакт ижросига бўлган ёндашуви бўйича ўз афсусларини билдириб, тақдим этилган ҳисоботда Фаластин ерларида Исроил томонидан ноқонуний уй-жойлар қурилиши, фаластинликларнинг яшаш ҳуқуқи ва бир жойдан бошқа кўчиш эркинлиги қай йўсин таъминланаётгани ҳақида маълумот келтирилмаганини таъкидлаган. Вахоланки, Исроил оккупант давлат сифатида Фаластин ва фаластинликларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга масъул ҳисобланади.
Найжл Родлининг билдиришича, Қўмита томонидан аввал берилган тавсияларга Исроил умуман эътибор қилмаган.
Инсон ҳуқуқлари қўмитасининг қатор аъзолари Исроил томонидан Фаластиннинг тинч аҳолисига нисбатан амалга оширилаётган хунрезликларни қаттиқ қоралаганлар.
Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактнинг ижроси юзасидан Исроил тақдим этган ҳисобот ҳамда Қўмита эшитувининг натижалари юзасидан шу йил 30 октябрь куни Қўмитанинг навбатдаги якуний мулоҳазалари ва тегишли тавсиялари эълон қилиниши кутилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Инсон ҳуқуқлари қўмитаси БМТнинг шартномавий тузилмаси ҳисобланиб, у Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт давлатлар томонидан қандай ижро этилаётганини ўрганиб, ўзининг тавсияларини беради. Қўмита томонидан белгиланадиган муддат ичида ҳар бир давлат ўзининг миллий  ҳисоботини тақдим этиб боради (одатда, тўрт йилда бир марта).

back to top