«Олтин силсила»нинг олтинчи жилди нашрга тайёрланяпти
Маълумки, «Ҳилол» нашриёт-матбааси томонидан чоп этилаётган «Олтин силсила» туркуми буюк ватандошимиз Имом Бухорийнинг «Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ» китоби билан бошланади.
Бугунги кунгача «Саҳиҳул Бухорий» номли саккиз жилдлик бу тўпламнинг беш жилди нашрдан чиқарилган эди. Ҳозирги кунда тўпламнинг бир неча йилдан бери орзиқиб кутилаётган олтинчи жилдини нашрга тайёрлаш ишлари бошланиб кетди.
Бу хайрли иш юртимизда сўнгги йилларда бошланган тарихий ислоҳотлар, жумладан, давлатимиз раҳбарининг Ислом дини ривожига улкан ҳисса қўшган буюк ватандошларимизнинг беназир меросини илмий асосда чуқур ўрганиш, уларни юртдошларимиз ва халқаро жамоатчилик ўртасида кенг тарғиб қилиш, ёш авлодни эзгу ғоялар руҳида тарбиялаш, уларнинг қалбида Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғусини янада кучайтириш ҳақидаги қарорига муносиб жавоб бўлди.
Қарорда ҳадис илмининг асл моҳиятини, илмий-маънавий асосларини, юртимиздан етишиб чиққан мутафаккир зотлар меросини ҳар томонлама чуқур ўрганиш ва кенг тарғиб этиш, турли мафкуравий хуружлар авж олаётган бугунги кунда ушбу мероснинг эзгу ғоя ва таълимотларини кенг халқ оммасига етказиш ва шу асосда ёшларда соғлом дунёқарашни кучайтириш, уларни азалий қадриятларга содиқлик руҳида тарбиялаш лозимлиги алоҳида таъкидлаб ўтилган.
Ушбу қарорга биноан Имом Бухорий ёдгорлик мажмуи қошида Ислом маданияти, умумбашарий цивилизация ривожига беназир ҳисса қўшган буюк аждодларимизнинг бой меросини ўрганишга ихтисослашган халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил қилинди.
Юртбошимиз БМТ минбаридан туриб бутун дунё афкор оммасига Ислом динининг асл моҳияти ҳақида сўзлаб, ушбу нуфузли анжуман тарихида биринчи бор айнан буюк ватандошимиз Имом Бухорий ҳазратларини ва у зотнинг «Жомеъус-саҳиҳ» тўпламларини тилга олдилар, унинг Ислом оламида Қуръони Каримдан кейинги иккинчи мўътабар манба эканини эслатиб ўтдилар.
Ана шундай тарихий, оламшумул ижобий ислоҳотлар доирасида «Саҳиҳул Бухорий» китобининг тўлиқ чоп қилиниши Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказининг очилишига, юртимизда ўтказилаётган Қуръон мусобақаси ҳамда фестивалига гўзал, муносиб тўёна бўлади.



