Ғўтада исёнчилар бир-бирлари билан урушмоқда: 600 дан ошиқ жанггари ҳалок бўлган

Шарқий Ғўтада жанг олиб бораётган "Жабҳат ан-нусра"га яқин бўлган "Файлак ар-Раҳмон" гуруҳи билан ортида Саудия Арабистони тургани иддао қилинадиган "Жайш ал-Ислом" гуруҳлари мана бир ойдан ошиқ вақтдан бери бир-бирлари билан жанг қилишмоқда.
"Файлак ар-Раҳмон" штабларни босиб олган дея "Жайш ал-Ислом"ни қоралаб чиқса, рақиби ўз навбатида таниқли дала қўмондонлари, ислом уламолари ҳамда сиёсий фаол шахсларни қатл қилишда айбламоқда. Жангларда оғир артиллерия қуроллар ишга солинган.
Бу орада деярли барча гуруҳлар ва мухолифат кучлари ўртадаги муаммони ҳал қилишга уриниб кўрдилар, улар ва сурия инқилобининг бошқа таниқли шахслари тарафидан ўнлаб мурожаатлар ва тинчликка бўлган чақириқлар янгради. Олий музакоралар қўмитасининг раиси Риёд Ҳижоб ва суриялик таниқли Усома Рифои каби шайхлар ҳам ўртадаги келишмовчиликни ҳал қилишга уриниб кўрдилар. Барча ташаббуслар зое бўлиб, келишувлар тўғрисидаги шартномалар ёзилган қоғозчалик қадри бўлмади. Бир ой ичида ҳар икки тарафдан 600 га яқин жангарилар нобуд бўлди. Бу рақамлар Асад аскарлари билан бир ой давом этган жангларда ҳалок бўлган жанггарилар сонидан ҳам анча ошиб кетди. Ҳар икки тараф твиттер ижтимоий тармоғи воситасида бир-бирларига мағзава тўкиб етибди. Улар бир-бирларини Асад, АҚШ ва бошқа ёвуз кучлар билан ҳамкорликда айблаяптилар. Ҳар икки гуруҳ ҳам салафий оқимига мансуб экани диққатга сазавордир. Буларнинг урушидан ҳозирча уларга рақиб бўлган икки тараф - Асад ва ИШИД тарафдорлари хурсанд. Асад армияси вазиятдан фойдаланиб Шарқий Ғўтага ҳужум ҳам қилди. Турли манбалардан олинган маълумотларга кўра, Асад аскарлари Ғўтанинг жанубий секторидаги ўнлаб аҳоли пунктларини қўлга киритган. Асад беш йилдан бери бундай мувоффақиятлар ҳақида орзу ҳам қилмаган эди. Ғўтанинг жанубий қисми Дамашқ аэропортига туташиб кетади. Асад аскарлари учун бундай катта аҳамиятга эга стратегик ҳудудни рақибларидан тозалаш муҳим аҳамият касб этади.
Исёнчилар ўртасидаги бундай ўзаро тўқнашувлар янгилик эмас. Жанглар асосан Озод Сурия Армияси билан Жабҳат ан-Нусра ёки ИШИДга яқин исломий жанггари гуруҳлар ўртасида бўлиб ўтмоқда. Озод Сурия Армияси ҳарбий ёрдамни асосан ташқаридан олгани учун исломий гуруҳлар уни муртадга чиқариб қўйиб, кофирлар билан ҳамкорликда айблаяптилар ҳамда уларга тегишли ресурсларни тортиб олмоқчи бўлишмоқда. Йўллардаги ўтаётганлардан пора олинадиган блокпостлар учун ҳам жанглар бўлиб туради.
Баъзи ҳисоб китобларга кўра, Сурияда 1400 га яқин мухолифат гуруҳлари фаолият юритиб, уларнинг 300 таси исломий ҳисобланади. Тўқнашувлар келиб чиқишининг асосий сабаблари - Суриянинг келажакда қандай мамлакат бўлиши ҳусусида тортишувлар бўлиб қолмоқда. Ҳорижий сармоядорларнинг таъсири ҳам бор. Буларниинг ҳаммаси Асад режимга қўл келмоқда. Ҳозирча у мухолиф кучларнинг парокандалигидан фойдаланиб, янада кучайиб бормоқда. Асадга мухолифатда бўлган гуруҳларнинг обрўси, мусулмон мамлакатлари ва жамоалари ўртасида тушиб кетмоқда. Асад йиқитилганидан сўнг юзага келадиган вазиятдан кўпчилик чўчимоқда. Сурия келгусида Афғонстон ва Сомалига ўхшаб қолмайдими? Ҳозир содир бўлаётган воқеалардан Рамазон Бутий огоҳлантирмаганмиди?
Ғўтани назоратга олиш нима учун керак, деган саволга қуйидаги ҳадисдан жавоб топишимиз мумкин.
Абу Дарда розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда айтилишича, «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассалом: «Катта уруш бўладиган кунда мусулмонларнинг қароргоҳи Шомнинг энг яхши шаҳарларидан бири бўлган Димашқ яқинидаги Ғўта деган жойда бўлади», дегандилар.
Интернет маълумотлари асосида
Абу Муслим тайёрлади