Исломофоб террорчининг ота-онаси мусулмонларга мурожаат қилди

Исломофоб террорчининг ота-онаси мусулмонларга мурожаат қилди

Канаданинг Квебек шаҳрида жойлашган масжид қавмининг олти нафари Ислом душмани Александр Биссоннетт томонидан ўлдирилганидан бир йил ўтиб, унинг ота-онаси ёзган очиқ хат миллий радио орқали кенг жамоатчиликка эшиттирилди.

Мактубда Мэннон Марчанд ва Реймонд Биссоннетт ўша мудҳиш воқеадан сўнг ҳаётлари тубдан ўзгариб кетганлиги ва қотил ўғлидан кўнгиллари қолганлиги ҳақида айтишган, деб хабар беради IslamNews. Унда қуйидаги сатрлар ёзилган: «2017 йил 29 январ куни ҳаётимиз ағдар-тўнтар бўлиб кетди. Шундан бери азоб-уқубат ичра яшаяпмиз. Кечирилмас ҳужум оқибатида бегуноҳ одамлар ҳаётдан кўз юмди. Бевақт айрилиқ ҳуруж қурбонларининг оила аъзоларини эсанкиратиб, чуқур қайғуга солди. Фожиадан сўнг оммавий ахборот воситалари вакиллари билан гаплашмасликка аҳд қилдик. Аммо қурбонлар ва уларнинг оилаларига мактуб орқали ўз ҳамдардлигимизни билдиришни кўнглимизга тугиб қўйгандик. Ниҳоят, таъзия хатимиз Квебек Ислом маркази раиси ўринбосари жаноб Муҳаммад Лабидий ёрдамида эгаларига топширилди. Ўғлимиз Александрни ҳамма ота-оналар сингари катта орзулар билан вояга етказгандик. Бироқ у барча умидларимизни йўққа чиқарди». Мактубда террорчининг ота-онаси дафн маросимида айтган таъсирли сўзлари учун масжид имоми Ҳасан Жиллеттга алоҳида миннатдорчилик билдиришган.

back to top