Йўлланмаган мактуб ёхуд Араканлик мусулмоннинг фожиали ҳаёти (8-қисм)
Эдуард чидолмади. Олдидаги столни тепди. Ёстиқни эшикка қараб отди. Стаканни деворга уриб синдирди. Беихтиёр: “Сен учун ўч оламан, дўстим!” деган гап оғзидан чиқиб кетди. Ҳўнграб йиғлай бошлади.
“Биз киммиз? Нималар қиляпмиз? Инсон ҳуқуқларини биз ҳимоя қилмасак, ким ҳимоя қилади?” деб йиғларди у. Ўн дақиқа шу ҳолда ўтирди, кейин туриб юзини ювиб келди. Рашиднинг мактубини охиригача ўқиш учун титраётган қўллари билан яна блокнотни очди ва ўқий бошлади:
“Кейин навбат менга келди. Ҳушимга келганимда, ёнимда мени азоблаш учун ўнтачаси қолганди, холос. Қолганлари бошқа ёққа кетишган, шекилли. Мени боғланган дарахтдан ечиб олиб азоблаш учун олов томонга олиб бораётганларида, бирдан ўқ овозлари эшитилди. Аскарлар ҳам саросимага тушиб қолишди. Мен билан бирга жанг қилиб юрган ўн бешта бола қутқариш учун пайт пойлаб ҳужум қилишди. Аскарлар отишма билан овора бўлишганда, менинг олдимда занжирларимни ушлаган битта аскар қолиб кетди. Унга бир ҳамла қилиб бўйнига занжирни ўрадим-да, бўғиб ўлдирдим. Бояги йигитлар аскарларни қириб ташлашибди. Менинг олдимга келиб қўлимдан ушлаб: “Бўлди энди, кетишимиз керак” деб ўзимга келтиришгунча уравериб аскарнинг миясини чиқариб юборибман. Кейин занжирларни ечиб яна қочдик.
Мени ҳам уриб, қўл-оёқларим ва бошимга жиддий жароҳатлар етказишгани учун уч-тўрт кун яшириндик. Эртага охирги жангга кирамиз ва Аллоҳнинг ҳузурига ёруғ юз билан бориш учун, оиламнинг ва диндошларимнинг интиқоми учун, Ватанимнинг озодлиги учун ўлгунимизча урушамиз. Буларга яхшилик қилиш, мулойимлик ва шафқат кўрсатиш бизга ҳаром. Аммо, дўстим, шуни билиб қўйки, биз золим эмасмиз, террорист эмасмиз, муомала қилиб бўлмайдиган, бир тарафлама бўлиб қолган, қўрсу қўпол одамлар эмасмиз. Ким бизни шундай деса, у бўҳтон қилган бўлади.
Аллоҳнинг иродаси ила эртага ҳужумни куйиб кул бўлган маҳалламдан бошлайман. Чунки душманнинг кўп қисми ўша ерда жойлашган. Бу мактубим қайсидир сабаб билан сенинг қўлингга тушиб қолса, илтимос, дўстлигимиз ҳаққи, бу мазлум халққа ёрдам бер. Бу ҳақиқатларни БМТга тушунтир ва дунёни огоҳ эт. Сени яхши кўрган ва шунча пайтдан бери унутмаган дўстинг Рашид! Айтганча, оилангга ва фарзандларингга Рашид амакисининг саломларини етказиб қўй. Алвидо, дўстим Эдуард”.
Блокнотнинг охирги бетида Рашид Эдуард билан ўқиш даврида тушган кичкина суратни ёпиштириб қўйганди. Эдуард яна йиғлади. Ҳа, бу фожиали ҳаётни ҳис қилиб йиғлади. Умрида биринчи марта бунақанги таъсирли воқеани ўқиганди. Ўзининг энг яқин дўсти яшаган бу ҳаётга ачинганидан, у билан алоқани узгани учун виждони қийналганидан йиғлади. Блокнотни ўпиб кўзларига суртди. Юраги устига қўйиб диванга чўзилди. Кўзларининг ёшини арта-арта ухлаб қолди.
Эшик қўнғироғидан уйғониб кетди. Қараса, соат эрталабки тўққиз экан. Блокнот ҳалиям кўксида турибди. Туриб эшикни очди. Хонани саранжом қилиш учун киришга рухсат сўраган ходим ҳолатни кўриб ажабланди. Аммо бир оғиз ҳам гапирмай ишига киришди. Эдуард юз-қўлларини ювиб нонушта қилишга тушаркан, йўл-йўлакай кўрган тушини эслади. Тушида ям-яши боғ ичида дўсти Рашид оппоқ кийимда, гўзал суратда юрганмиш. Ёнида оиласи ҳам бор. Атрофида кўпгина йигитлар хурсанд ҳолда эмиш. Рашид унинг олдига келиб: “Дўстим, ўзинг келибсан-да” деб табассум билан яна ортига қайтди. Эдуард: “Ҳой Рашид, булар ким?” деганда, Рашид: “Сен уларни танийсан, мактубимни ўқи” деб кўздан ғойиб бўлди. Эдуард шу тушни ўйлаб махсус нонушта тайёрланган хонадан ҳам ўтиб кетди. Меҳмонхона эшиги олдига келгач, кечаги масъуллардан бирини кўриб ҳуши жойига қайтди. Масъул вакил у билан кўришгач, Эдуард ундан кечаги жасадни кўриш масаласини сўради. Масъул узр сўраб, бу талаби қондирилмаслигини айтди. Эдуард: “Ундай бўлса, Нью-Йоркка биринчи рейс билан учиб кетишимизни таъминланг”, деди пўписа қилгандек. Масъул “Хўп” деб пешиндан кейинги рейсга улар учун жой буюртирди.
Аслида, Мянма аскарлари учун Рашиднинг жасадини топиш жуда муҳим эди. Икки кун олдин ўлдирилган жасадни ҳар қанча қидиришмасин, топишолмаганди. Уни Эдуард топиб беришини Аллоҳ хоҳлаганди. Чунки Аллоҳ мактубни Рашиднинг ўзи Эдуарднинг қўлига тутқазишини ирода қилди. Жасад топилганидан хурсанд аскарлар эса уни кечанинг ўзидаёқ хорлаб кўмиб юборишганди.
Эдуард Нью-Йорк аэропортидан тўғри ишхонасига борди. Бошлиғи билан кўришиб вазиятни тушунтирди. Эртаси кун БМТ раҳбарига ҳам бу ҳақда мактуб ёзди. Мянмада инсониятга қарши катта жиноятлар содир этилгани, жиноятчиларни тезда жазога тортиш муҳимлиги ҳақида қаттиқ талаб қилиб ёзганди мактубда.
Бир ҳафта ўтар-ўтмас Эдуард “ҳиссиётга берилиб, далилсиз ва нохолис фаолият юритиш”да айбланиб ишдан бўшатилди.
Тамом



