БМТ Афғонистон бўйича баёнот берди

Фото: АР Фото: АР

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) 2017 йилда Афғонистонда амалга оширилган ҳужумлар оқибатида 10 мингдан ортиқ тинч аҳоли нобуд бўлгани ёки тан жароҳати олганни маълум қилди.

БМТнинг Афғонистондаги миссияси (Unama) томонидан 15 феврал куни эълон қилинган йиллик ҳисоботга кўра, ўтган йил тинч аҳоли орасида кўрилган талафотлар 2016 йилга нисбатан 9 фоизга камайган.
TheGardian.com нашрига кўра, АҚШ Президенти Доналд Трамп ўтган йил август ойидан бери Афғонистонда янада кескин стратегия, жумладан, ҳаводан кўпроқ ҳужумлар уюштириш стратегиясини жорий қилган. Бунга жавобан жанггарилар Афғонистон пойтахти Кобулда портлашлар содир этган. Хусусан, сўнгги бир неча ҳафтада Кобулда амалга оширган ҳужумларда қарийб 150 одам нобуд бўлган, ундан кўпроқ киши тан жарохати олган.
БМТ ҳисоботида қайд этилишича, ўтган йил Афғонистонда 3438 нафар фуқаро нобуд бўлган, 7015 нафари яраланган. Ҳужумларнинг 27 фоизи тинч аҳоли вакилларига қарши уюштирилган.
Инсон ҳуқуқлари бўйича БМТ Олий комиссари Зайид Раад Афғонистонда тинч аҳолига қарши ҳужум уюштирган шахсларни жавобгарликка тортишга чақирган.
“Афғонистон халқи йиллар давомида хавфли вазият ва қўрқув шароитида яшаб келмоқда. Айни пайтда, одамлар ҳаётига зомин бўлаётган шахслар эса жазога тортилмай қолмоқда”, - дея таъкидлаган БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Зайид Раад.
БМТ 2009 йилдан буён Афғонстонда амалга оширилган ҳужумларни қайд этиб келмоқда. Ташкилот маълумотига кўра, бу мамлакатда энг мудҳиш ҳужум 2017 йил май ойида Кобул шаҳрида уюштирилган. Худкуш ҳужумчи портловчи моддалар жойланган юк машинасини портлатгани оқибатида 92 киши нобуд бўлган, 491 киши тан жароҳати олган.
БМТ маълумотига кўра, 2009 йилдан шу кунга қадар Афғонистонда амалга оширишган ҳужумларда тинч аҳолидан 28 мингдан ортиқ киши нобуд бўлган, 52 мингдан зиёди жароҳат олган.

back to top