Исроилдан Ўзбекистонга уч ойлик авиачипталар сотиб бўлинди
© Sputnik/ И. Носов
Исроилдан Ўзбекистонга июн ойигача бўлган барча авиачипталар икки кун ичида сотиб бўлинди.
Sputnik нашри хабарига кўра, авиачипталар тезда сотилиб кетишига 10 февралдан бошлаб Исроил фуқаролари 30 кунгача Ўзбекистонда бўлиш учун улардан виза талаб этилмаслиги сабаб бўлган.
ЎР Президенти Шавкат Мирзиёев туризмни ривожлантириш масаласига бағишланган видеоселектор йиғилишида мамлакатга сайёҳларни жалб этиш учун қатор қулайликлар яратиш, жумладан, виза тартибини енгиллатиш кераклигини айтган эди.
Президент Мирзиёев виза бекор қилинган давлатларга самолёт парвозлари сонини кўпайтириш ҳамда шу давлатларга Бухоро, Самарқанд, Урганч, Навоий ва Қарши каби вилоят марказларидан ҳам рейслар очиш кераклиги ҳақида кўрсатма берган.
Ундан аввал Туризм бўйича давлат қўмитаси раҳбари Азиз Абдуҳакимов журналистлар билан учрашувда, исроилликлар дунёдаги энг кўп саёҳат қиладиган халқлардан бири эканини айтган. Абдуҳакимовга кўра, Исроилда яшайдиган 6,8 миллион аҳолининг тўрт миллиони ҳар йили чет давлатга турист сифатида саёҳат қилади.





