Диний-маърифий марказда илк тақдимот
info.islom.uz
Кеча, 23 февраль куни Россия пойтахти Москвада фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг қаламига мансуб икки китобнинг тақдимоти бўлиб ўтди.
Тақдимот 2017 йил 22 декабрь куни иш бошлаган янги маърифат маскани – Шайх Муҳаммад Содиқ номидаги мусулмонлар диний-маърифий маркази томонидан ташкил қилинган илк тадбир бўлиб, уни марказнинг ўзига хос очилиш байрами дейиш ҳам мумкин.
Марказ раҳбари Ризққулбек Каримбеков ташаббуси билан ташкил қилинган ушбу тақдимот маросимида марказ ходимлари, Россиядаги «Васатия – мўътадиллик» илмий-маърифий маркази раҳбари, сиёсий фанлар номзоди, фалсафа фанлари доктори Али Полосин ва бошқа кўпгина меҳмонлар, оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашдилар.
Ризққулбек Каримбеков тадбир қатнашчиларини янги марказнинг очилиши билан муборакбод қилди, уларни марказнинг мақсади ва фаолият йўналиши билан таништирди. Сўнг устозимиз фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари ҳақида, у кишининг нафақат ўз Ватанида, балки дунё миқёсида Исломни танитиш, динни ўрганиш ва ўргатиш борасида қилган улкан хизматлари ҳақида сўзлаб, марказнинг фаолиятини устознинг икки китобини – «Религия – насиха» ҳамда «Открытое послание» китобларини халққа тақдим қилиш билан бошланаётгани ўзига хос рамзий маъно ифода этишини алоҳида таъкидлаб ўтди. Шунингдек, «Васатия» маркази раҳбари Али Полосин ҳам сўзга чиқиб, марказнинг фаолиятига хайр-баракотлар тилади ҳамда ушбу китобларнинг бугунги кун мусулмонлари учун қанчалик долзарблигини, уларда кўтарилган мавзулар, муаммолар ва уларнинг бутун Ислом уммати учун ниҳоятда муҳим экани ҳақида сўзлади.
Ризққулбек Каримбеков сўзга чиққан барча меҳмонлар ташаккур айтиб, миннатдорчилик билдиргач, бугунги кунда Ўзбекистонда олиб борилаётган ижтимоий-сиёсий ислоҳотлар, хусусан, диний-маърифий соҳада олиб борилаётган хайрли ишлар ҳақида маълумот берди. Айниқса, юртбошимизнинг ташаббуси билан пойтахтимизда қурилаётган янги масжид ҳамда илмий-маърифий марказга шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг номи қўйилгани ҳақида тўлқинланиб гапириб берди.
Тақдимот сўнгида «Исломга бахшида умр» фильмининг русча таржимаси намойиш қилинди.
Аллоҳ таоло устозимизнинг номлари билан аталган ушбу илм-маърифат масканининг фаолиятига ривож берсин, бошлаган барча хайрли ишларини бардавом қилсин!











