Британиялик имом болаларни очликдан қутқариш учун куйиб-пишмоқда

Ўтган йили мусулмонларни масжид ёнида юк машинасида босиб кетган исломофоб террорчи Даррен Осборнни оломон ғазабидан ҳимоя қилган ва қаҳрамонга айланган британиялик имом Лондон хайрия марафонида иштирок этади ва оч болалар учун маблағ тўплашга ўз ҳиссасини қўшади.
Эслатиб ўтиш жоиз, террорчи Осборн масжид олдида одамларни босиб кетганда 31 ёшли имом Муҳаммад Маҳмуд уни ҳимоя қилган ва дарғазаб инсонларнинг унга жароҳат етказишига йўл қўймаган эди. Шундан сўнг Британия газеталари уни қаҳрамон деб атадилар. Теракт ҳақида судда гувоҳлик бергач, имомни муҳтож болалар учун маблағ йиғишга мўлжалланган хайрия марафонида иштирок этишга таклиф қилдилар ва у жон деб рози бўлди. 21 километрга югуришни болалар очлиги билан курашиш учун кичик бир қадам деб баҳолади имом. Бу ҳақида IslamNews сайти Evening Standard нашрига таяниб маълум қилди.
«Ибодат пайти ёнимизга одамлар келиб, илтимос, хайр қилинг, ейишга ҳеч нарсамиз йўқ дея илтижо қиладилар, – деди Муҳаммад хайрия марафонида қатнашиш сабабларини айтаркан. – Масжид қўлдан келганча уларга ёрдам беради, аммо имкониятларимиз чекланган».
«Мен баландпарвоз гапларни ёмон кўраман, аммо бу ишимиз чиндан ҳам кўпларнинг ҳаётини сақлаб қолади», деди у.