Йўл

Кўпларга айтамиз, озларни топамиз. Озларни эслаймиз, кўпларни унутамиз. Озлар қутқаради, кўплар томоша қилади.
Озлар ғолиб, кўплар буни билишмас. Ҳаммамиз йўлдамиз. Ёнимиздагининг юзи ёпиқ. У ким бўлди? Аммо биз билан бир йўлда. У ким бўлди? Атрофдаги ҳамма шундай, ҳатто ўзимиз ҳам. Юзларимиз ёпиқ. Ҳамма турнақатор боради. Ҳеч кимдан садо чиқмайди. Уларнинг баъзилари югуради. Ким қувмоқда? Баъзилар чеккада деворга қадалиб қолади. Баъзилар ерга йиқилиб югураётганларнинг оёқлари остида нобуд бўлади. Эссиз, гўдаги йиғлаб қолди ортидан. Онасиз, отасиз қолди яна бир бола. Югуришар кўзида кулги, янчиб ўтар қанча инсонни. Йиғлаётган кўзларга қараб...
Гуноҳсиз инсонлар бўлмас. Тор йўлакдан қочаётганлар елкаларини девордан бўртиб чиққан тошларга урар. Елкаларини жароҳатга тўлдирар. Қани энди уларни боғлаб, малҳам қўйишга вақт ёки имкон бўлса? Йўқ, олдинга бориш керак, ортдан ажал қувмоқдами? Ёки бошқа бир нарса? Нима бўлганда ҳам, ўша ҳеч ким билмайдиган нарса уларни қувмоқда, улар эса хурсанд, ўзларини яраламоқдалар, яна камига йўлнинг тор эканлигини, ундаги тошлар кўп эканлигини айтиб нолимоқда. Айтинглар-чи, сизларни нима қувмоқда? Нимага шошасизлар, секинроқ юрсангиз, лат емайсиз-ку. Буни эшитадиганларнинг жуда оз эканлигидан бир ҳайрон бўлсангиз, бир хафа бўласиз. Маррада кутиб турган нарсалари учун югуришмоқдами ёки ортларидан биров қуваётгани учунми?
Бу ҳаётдаги энг яхши орзуни тасаввур қилинг, фараз қилингки, ҳаммасига эришдингиз. Сизда нималар бўлади? Танлаганларингиз ичида бойлик бордир балким. Сизни манзилда кутиб турган мезбон шуми? У ҳаммани кутиб турибди. У қандай мезбон бўлди? У қандай қилиб сизга содиқ бўларкин? Билинг, у ҳаммани ҳам ёқтирмайди. У шунчаки сабрли ўйинчидир. У ўйинга тикадиган соққалари бойликнинг ортидан қувганлар, бу йўлда ҳамма жойи шилиниб моматалоқ бўлганлар. Бойлик ҳамма инсонларни хорлик билан бўладиган ўйинга тикади. Соққаларга қарайди, энг уриниб кетганини, яраси кўпини тикади. Бу ўйинда у моҳир эмас, у жуда кам ютади. Фақат ютқазади. У ютқазиб роҳатланади. Чунки у ҳеч нарса йўқотгани йўқ. Чунки соққа бўлишни истовчиларнинг кети узилмай келишмоқда. У эса уларни ютқизишдан чарчамайди.
Бойликнинг ҳам иккинчи феъли бор. У ҳам ўзи учун дўст орттиришни хоҳлайди. У манзилга келган лат емаган инсонларни дўст тутади. Уларни қиморга тикмайди. У ҳамиша улар билан бўлади, хизматини қилади.
Ўша шошганлар ҳаром йўлдан юриб бойлик томон шошганлар. Улар манзилга эрта боришар, аммо сифатли эмас. Ҳалол инсонлар секинроқ борар, аммо сифатсиз эмас. Ким бойликка дўст бўлиш учун сафарда, ким эса соққа дардида?
Исмоил Абдулбосит