Ислом тараққиёт банки $ 2.5 миллиардлик “сукук”ни муомалага чиқармоқчи

Мусулмон давлатларда тараққиёт лойиҳаларини амалга ошириш билан шуғулланувчи энг йирик ташкилот – Ислом тараққиёт банки (ИТБ) яқин фурсатда 2.5 миллиард АҚШ доллари миқдоридаги исломий облигациялар, яъни, “сукук”ни муомалага чиқаришни режаламоқда.
Буни банк президенти Бандар Ҳажжар эълон қилди.
5 март куни Лондон молия биржасида сукук масаласига бағишлаб уюштирилган анжуманда сўзлаган Ҳажжар сукук инфратузилма, маориф ва соғлиқни сақлаш соҳалари учун ажратилган маблағларга қўшимча бўлишини маълум қилди.
ИТБ президенти ўзи раҳбарлик қилаётган банк илм-фан ва технологиялар соҳасида янги тузилган ширкатларни дастаклаш учун яна 500 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратишини сўзига қўшимча қилди.
Қароргоҳи Саудия Арабистонининг Жидда шаҳрида жойлашган кўптармоқли ИТБ халқаро исломий облигацияларни мунтазам равишда муомалага чиқаради.
ИТБ сўнгги 10 йил мобайнида энергетика, транспорт, сув ва санитария соҳаларини ривожлантириш лойиҳаларига 86.1 миллиард АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратган.
Бангладеш, Покистон ва Миср Ислом тараққиёт банки облигацияларидан энг кўп наф кўрган давлатлар ҳисобланади.