Покистон сартарошлари инглиз ва французча соч-соқол олишни тақиқлади
Thelifesquare
Покистоннинг Хайбар-Пахтунхва вилоятидаги сартарошлар соч ва соқолни инглиз ёки французча (goatee) шаклда олиш Ислом динига зид эканини айтиб, мижозларнинг соч-соқолларини шундай кўринишда олишни тақиқлади.
5 март куни Пешавор шаҳрида ўтказилган анжуманда Хайбар-Пахтунхва Сулаймоний сартарошлар уюшмаси президенти Шариф Каҳло ўзи раҳбарлик қилаётган уюшмага вилоятдаги 200 мингдан зиёд сартарош аъзо эканини ва қабул қилинган қарорни улар қатъий бажаришларини айтди.
“Биз мусулмонмиз ва Ислом дини аҳкомларига амал қиламиз. Соч ва соқолини инглиз ёки французча шаклда олдиришни хоҳлаганлар бизнинг салонларимизга киришмасин”, - дея баёнот берди вилоят сартарошлари уюшмаси президенти.
Шариф Каҳло мазкур қарор исломий уламолар билан батафсил муҳокамалардан кейин қабул қилинганини сўзига қўшимча қилди.
Сиёсат нашрига кўра, Хайбар-Пахтунхва вилоятининг Сваби, Бунер, Қуйи Дир, Сват ва Мардон каби қатор туманлари бошқарув органлари ҳам сартарошхоналарда соч ва соқолни инглиз ва французча шаклда олишни бироз олдин ман қилган.



