Россия ЖЧ 2018: ФИФА мусулмон меҳмонларга барча қулайликларни яратмоқчи
What Hi-Fi?
Футбол бўйича 2018 йилги Жаҳон чемпионати Россия Федерациясида бошланишига 100 кундан оз вақт қолди.
ФИФА ўз миллий терма жамоаларини дастаклаш учун Россияга ташриф буюрадиган мусулмон футбол ишқибозларига барча қулайликларни яратиш мақсадида махсус қўлланма чиқаришни режалаган. Унда энг муҳим маълумотлардан ташқари масжидлар ва ҳалол ресторанлар қаерда жойлашгани, шунингдек, маҳаллий намоз вақтлари аниқ кўрсатилиши назарда тутилган.
2018 йил 14 июн куни Москвада тантанали равишда очиладиган Жаҳон чемпионатида аксар аҳолиси мусулмон бўлган етти давлат - Марокаш, Миср, Нигерия, Саудия Арабистони, Сенегал, Тунис ва Эрон терма жамоалари чемпионлик учун тўп суради.
Жаҳон чемпионати рамазон ойининг сўнгги кунларига тўғри келиши муносабати билан ФИФА мусулмонларга имкон қадар қулай шароитлар яратишга уринмоқда.
Араб Ньюс нашри мухбири билан эксклюзив суҳбатда ФИФА Бош котиби Фатма Самура хоним бир ой давом этадиган мусобақа давомида ўзи раҳбарлик қилаётган уюшма Ислом динига эҳтиром сифатида мусулмон ишқибозларга, улар учун барча зарур маълумотларни етказиб беришга бел боғлаганини алоҳида таъкидлади.
“Шуни ишонтириб айтаманки, чемпионат давомида ҳеч қандай камситишлар бўлмайди. Мусулмонларга керакли бўлган барча ёрдам кўрсатилади. Улар ўзларини худди уйларида юргандек ҳис қиладилар”, - дея таъкидлади ФИФА Бош котиби Фатма Самура хоним.
Россия мусулмонлари идорасининг марказий қўмитаси ҳозир Россияда 30 миллион мусулмон аҳоли истиқомат қилишини, қарийиб 50 минг масжид фаолият юритаётганини, футбол бўйича Жаҳон чемпионати ўйинларини томоша қилиш учун 100 минг нафар мусулмон турист Россияга келиши кутилаётганини маълум қилди.



