Ҳиндистон мусулмонлари Сурияда ўлган одамлар ҳаққига дуолар қилишди
Ҳиндистоннинг Гужарат штатидаги Сурат шаҳрида фаолият юритаётган Versatile Minorities Forum ташкилоти 10 март куни Суриядаги бешавқат урушда нобуд бўлган одамлар ҳаққига дуолар қилиш тадбирини ўтказди.
Йиғилишда қатнашган юзлаб мусулмон уруш вайронага айлантирган Сурияда тинчлик ва барқарорлик тезроқ қайта тикланишини Аллоҳдан сўраб дуолар қилди.
Тадбир иштирокчилари Сурияда мусулмонлар оммавий ўлдирилишига норозилик билдириб бу мамлакат халқига омонлик тилади.
Сурияда ҳукумат билан турли исёнчи гуруҳлар ўртасидаги қуролли тўқнашувлар 2011-2012 йилларда бошланган. Шу кунгача давом этиб келаётган фуқаролик урушида 450 мингдан ортиқ суриялик нобуд бўлгани айтилмоқда.



