Кавказликлар Исломга ўз ихтиёри билан киришининг сабаблари
Кавказ халқларинг аксарияти Ислом динига Хазрат Умар розияллоҳу анҳу даврида иҳтиёрий равишда кира бошлади. Айниқса, бу жараён Доғистонда (Шарқий Кавказ) ва 8-9 асрларда Аланияда (Марказий ва Ғарбий Кавказ) кенг тус олди.
Гап шундаки, минтақадаги деярли барча халқлар ўзларини айнан аланлар авлодимиз деб хисоблашади. Холбуки, Ислом бу ҳудудда минг йиллар мобайнида тўлқинсимон тарзда, бир юксалиб, бир пасайиб ёйилди. Аввалига мўғуллар, кейинчалик Амир Темур қўшинларнинг қақшатқич зарбалари, сўнгра Алан давлатининг қулаши оқибатида омон қолган алан уруғлари орасида Ислом тарқалишининг янги босқичи бошланди. Ушбу ҳолатнинг эътиборли жиҳати шу эдики, табиатан қаттиққўл бўлган тоғли халқлар Аллоҳнинг ҳақ динига ўз хоҳиш ва иродаси билан кирди. Мазкур минтақада яшовчи кишиларнинг энг муҳим хусусиятларидан бири ўз эътиқоди ва урф-одатларида собит туришидир. Бироқ, шунга қарамай, улар Арабистон саҳросининг қаъридан келган динни бировнинг қистовисиз ва босимисиз ўз ихтиёрлари билан қабул қилишди. Хўш, уларнинг бундай йўл тутишларига нима сабаб бўлган? Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг муқаддас дини аввалги эътиқод ва динлардан фарқли ўлароқ, Кавказликларга хос бўлган хулқ ва феъл-атвор, ор-номус ва диёнат, ҳалоллик ва ростгўйлик, ёши улуғларга ҳурмат ва кичикларга иззат каби хислатлар ҳамда ҳаёт ва ўлимга бўлган муносабатига жуда яқин ва ўхшаш эди. Қорачой мўйсафидларининг айтишларича Ислом динини қабул қилганликлари, ўша замонлар ушбу ўлкага Абдуллоҳ исмли шайх келиб, баланд тоғдаги бир қишлоқда кўним топишга изн олган. Мусофирнинг донишмандлиги ва ҳуснихулқи ҳамда ҳар бир қилган олийжаноб иши ва хикматли сўзидан сўнг: “Буни менга Аллоҳ таоло ва унинг суюкли Пайғамбари Мухаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам ўргатди”, деб гапириши тоғликларда унга нисбатан ҳурмат-эътибор уйғотган. Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, самимий ва беғубор, довюрак ва тўғрисўз Кавказликлар ҳалоллик ва эзгуликка чорловчи, ёмонлик ва ҳаромдан сақловчи Ислом дини уларнинг дунёқарашига хос ва мослиги, фақатгина Яккаю ягона бўлган Роббнинг исми Аллоҳ ва анбиёлар сўнгисининг исми Муҳаммад алайҳиссолату васаллам эканлиги ўзлари учун янгилик бўлганлигини эътироф этишди. Шу тариқа улар Исломга ихтиёрий равишда қиришди. Тоғликлар одоб-ахлоқ қоидаларининг энг муҳимларини қуйидагилар:
- Ноҳақ бўлса ҳам катталарга гап қайтарма.
- Камгап бўл.
- Бошқалар устидан зинхор кулма.
- Ёрдам талаб жойга биринчилар қатори бор.
- Бошқаларга пастназар билан қарама.
- Номаҳрам аёлга асло боқма.
- Мезбон аёлларнинг катталарини онангдек, кичикларини синглингдек кўр.
- Ёлғизликда ҳам уятсиз ва номуносиб фикрлардан узоқда бўл.
- Қариндош ва қўни-қўшнилар ташвишларини ўзингникидек қабул қил.
- Асло ғазаб отига минма, тушкунликка тушма.
- Қаерда бўлсанг ҳам, ота-онанг, аждодларинг, уруғу-наслинг ва миллатинг шаънига доғ туширма.
- Ахли-аёлингга ҳурмат ва адолат билан муомала қил, фарзандларингни содиқ ва ростгўй қилиб тарбияла.
- Рўпарангдаги ёши катта кишини отангдек, тенгдошингни акангдек, кичигини укангдек бил.
- Тақдирингдан нолийверма, борига қаноат қил.
- Ҳар қандай ҳолатда ҳам Аллоҳ таолога бўлган иймонингни сақла, юриш-туришингда Қуръони Каримни дастури амал деб бил, Набий алайҳиссалломнинг суннатларига амал қил ва Ислом арконларига риоя эт!
Умар Одил таржимаси



