«Сунний маданият маркази» вакиллари юртимизга ташриф буюради
15-21 март кунлари юртимизга Ҳиндистоннинг Керала штатида жойлашган «Сунний маданият маркази» раҳбари доктор Мухаммад Абдулҳаким Азҳарий бошчилигида бир гуруҳ зиёратчилар ташриф буюриши кутилмоқда.
Ташриф мобайнида меҳмонлар Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Термиз шаҳарларига бориб, у ердаги зиёратгоҳлар ва қадамжоларга ташриф буюрадилар ҳамда ўлкамизнинг диққатга сазовор жойларини томоша қиладилар. Гуруҳ таркибига Ҳиндистон ва Бирлашган Араб Амирликларидан туризм соҳасида фаолият олиб бораётган сайёҳлик компанияларининг раҳбарлари ҳам киритилган бўлиб, улар Ўзбекистоннинг туризм, хусусан зиёрат туризми салоҳияти билан яқиндан танишиш истагини билдиришган.
Шунингдек меҳмонлар устозимиз шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг қабрларини ва узотнинг номларига барпо этилаётган масжид комплексини зиёрат қилишади. Ва яна "Ҳилол" нашриёт матбаасига ташриф буюриб нашриёт фаолияти билан тубдан танишадилар.
Эслатиб ўтамиз, шу йил январь ойида «Сунний маданият маркази»нинг 40 йиллиги муносабати билан ўтказилган байрам тантаналарига устозимиз шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг бир гуруҳ шогирдлари – Исмоилжон Муҳаммад Юсуф, Муҳаммад Айюбхон Ҳамидуллоҳ, Нодирбек Хидиров, шунингдек, Юнусобод тумани бош имом-хатиби Раҳматуллоҳ Сайфуддин, Грант таълим ўқув маркази директори Музаффар Саттиев ва яна бир неча вакилларимиз қатнашишган эди. Байрам тадбирларида Муҳаммад Айюбхон Ҳамидуллоҳ домла ва Исмоилжон Муҳаммад Юсуф домла нутқ сўзлашган эди. «Сунний маданият маркази» кенг кўламли, кўп тармоқли фаолият олиб бораётган етакчи исломий ташкилотлардан бири бўлиб, марказ қошида ташкил этилган университетда диний фанлар билан бир қаторда дунёвий илмлар ҳам ўқитилади. Университетда 200 мингдан ортиқ талаба таҳсил олади, эркак ва аёллар учун алоҳида ётоқхона, ошхона ва бошқа барча керакли шарт-шароитлар муҳайё қилинган. Талабалар орасида чет эллардан келиб ўқиётганлар ҳам кўп. Шунингдек, марказ қошида тиббиёт маркази, бир неча хайрия ташкилотлари, жумладан, етимпарварлик шуъбаси ҳам фаолият кўрсатиб келмоқда.
Устозимиз шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг 2014 йил «Сунний маданият маркази»га сафарлари





