Ибратли амал
Ҳотам ака (исмлар ўзгартирилган) яқинда ўғил набиралик бўлдилар. 93 яшар Нафиса ҳожи оналари ва оила аъзолари билан маслаҳатлашиб, чақалоққа Усмонбек деб исм қўйишди.
Яна бир ўғил набира ато этган Аллоҳга ҳамду санолар айтиб, шукроналар қилган Ҳотам ака ва оила аъзолари Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига мувофиқ, катта набираларига қилишгани каби, кенжа набирага ҳам ақийқа маросимини ўтказиш тараддудини бошлашди. Аммо бу галги ақийқа аввалгиларидан бошқача ўтказиладиган бўлди. Тўйхонага қариндош-уруғлар, қуда-андалар, ёр-биродарлар, қўни-қўшни, таниш-билишларни эмас, балки имконияти чекланган, ногирон ва кам таъминланган одамларни – тақдирнинг синовларига мардонавор бардош бериб яшаётган, Аллоҳ таолонинг қазою қадарини чинакам мўминларга хос розилик билан қарши олган матонатли инсонлар таклиф қилинди.
Ушбу эҳсонни уюштиришида Ҳотам акага Ўзбекистон Республикаси Ногиронлар жамиятининг Тошкент шаҳар бўлими мудираси Феруза Восиқова яқиндан ёрдам берди.

14 март куни Юнусобод туманидаги тўйхоналардан бирига 420 кишилик шукрона дастурхони ёзилди. Эҳсонга келган меҳмонлар орасида бошқа миллат ва дин вакиллари ҳам бор эди. Меҳмонлар зерикиб қолмаслиub учун тадбирга Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист Одина Ғозиева ва хонанда Шуҳрат Дарё ҳам таклиф этилди.
Islom.uz портали мухбири билан суҳбатда Ҳотам ака бундай тадбир имконияти чекланган, ногирон ва кам таъминланган юртдошларимиз учун илк бор уюштирилмаётганини айтди:
– Уч ўғлим билан бирга бундай тадбирларни 10 йилдан бери ўтказиб келамиз. Бу ишда Тошкент шаҳар ногиронлар жамияти раҳбари Феруза опа яқиндан ёрдам бериб келяптилар, – дейдилар Ҳотам ака.
Чоршанба кунги ақийқа маросимини Юнусобод туманидаги «Омина» жомеъ масжиди ходимлари Шокир Мирзааҳмедов ва Мусаллам Рустамовлар Қуръони Карим тиловати билан очиб беришди.
Islom.uz портали мухбири билан суҳбатда Мирзааҳмедов бу тадбир бошқалар ибрат оладиган амал эканини алоҳида таъкидлади.
– Бу тадбир бошқаларга ҳам ибрат бўлиши керак. Чунки бу динимизнинг кўрсатмасидир. Президентимиз ҳам тадбиркорларни, ўзига тўқ одамларни кам таъминланган яқинлари ёки қўшниларига ёрдам беришга, тўйларни ихчам ва камхарж қилиб ўтказишга чақириб келяптилар, – дейди Шокир Мирзааҳмедов.

«Омина» жомеъ масжиди имомининг ноиби Мусаллам Рустамов эҳсон аслида муҳтожлар, камбағаллар учун қилиниши керак бўлган тадбир эканини қўшимча қилди.
Ақийқа эҳсонига асосан пойтахт туманларида яшовчи имконияти чекланган, ногирон ва кам таъминланган фуқаролар билан бирга 100-интернат тарбияланувчилари ҳам келишди.

Тадбир давомида меҳмонлар ҳам сўзга чиқиб, эҳсон соҳибларини табриклашди. Зиёфат давомида куй-қўшиқлар айтилиб, кўпчилик меҳмонлар рақсга ҳам тушиб кетишди.
Асл касби шифокор бўлган Феруза опа islom.uz портали мухбири билан суҳбатда имконияти чекланган, ногирон ва кам таъминланган инсонлар доимо атрофдагиларнинг меҳрига, эътиборига муҳтож эканини, шу боис улар тадбирдан бағоят хурсанд бўлишганини айтдилар:
– «Меҳр кўзда» дейди доно халқимиз. Имконияти чекланганлар, ногиронлар меҳрга ташна биродарларимиздир. Бу машаққатли, аммо шарафли ишда ёнимда елкама-елка туриб бирга меҳнат қилаёттганларнинг ўзлари ёки оила аъзоларидан бири имконияти чекланган ногирон. Менинг ҳам бир фарзандим ногирон. Атрофдагиларнинг меҳри, эътиборигина уларга далда бўлиб, тақдирнинг синовларига мардона бардош беришга ёрдам беради. Бу ишда энг муҳими эса самимийликдир. Улар биздан айнан самимий ҳамдардликни, бугунгига ўхшаш тадбирларимизни кутишади. Бир йилда беш-олти марта шундай тадбир уюштирамиз.
Феруза опа юртимизда саховатпеша одамлар қанча кўпайса, имконияти чекланган, ногирон ва кам таъминланган фуқароларнинг мушкули шунча енгил бўлишини айтдилар.
– Халқимиз бой бўлсин, саховатпеша одамлар кўп бўлсин. Ҳар бир хонадон соҳибларига аввало соғлик-саломатлик тилайман. Ҳар бир туғилган чақалоқнинг етти мучаси бутун, соғ бўлсин. Уйда тўрт фарзанднинг онаси, ўн набиранинг бувиси бўлсам, ўзим раҳбар бўлган жамиятда набираларим 390 нафардан ортди. Оиламни бир марта ўйласам, уларни туну кун ўйлайман, – дейди ЎР Ногиронлар жамиятининг Тошкент шаҳар бўлими раҳбари Феруза Восиқова.
Ақийқа маросими сўнггида меҳмонларга совғалар берилди, жумладан, баъзиларига махсус аравачалар ҳадя қилинди.

Ақийқага ташриф буюрган меҳмонларимиз эҳсон соҳибларини, тадбир ташкилотчиларига сиҳат-саломатлик тиладилар, ишлари доим бароридан келишини, ўйлаган ҳамма яхши ниятлари амалга ошишини Аллоҳдан сўраб дуо қилдилар.



