Мусулмонни ўлдирганларга суд оғир жазо тайинлади

Ҳиндистоннинг Жарканд штати суди мол гўшти сабабли мусулмонни шафқатсизларча ўлдирган бир гуруҳ шахсларга нисбатан энг оғир жазоларни тайинлади.

55 ёшли ҳиндистонлик мусулмон Алимуддин Ансорий мол гўшти келтириб сотгани учун ўласи қилиб калтакланган. Маълумки, ҳиндуизмда сигир муқаддас ҳайвон ҳисобланади ва Ҳиндистоннинг қатор штатларида «сигир қўриқчилари» бор, улар сигирлар ёки уларнинг гўштини сотиш билан шуғулланувчиларга қарши зўравонлик қиладилар.
Ансорийни ўлдиришда айбланиб 12 киши, жумладан, вояга етмаган бир бола ҳам ҳибсга олинган, ҳозирча суд болага нисбатан ҳукм чиқаришни кечиктирди. Қолган 11 нафар айбланувчи умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинди, дея хабар беради BBC News. Прокурор Сушил Кумар Шукла ҳукмни изоҳлаб шундай деди: «Биз суддан энг юқори даражада жазо тайинлашни илтимос қилгандик». Шуниси эътиборга сазоворки, Ҳиндистонда сўнгги йилларда бундай жиноятлар кўп содир этилганига қарамасдан, суд биринчи марта «сигир қўриқчилари»га қарши ҳукм чиқарди. Марҳумнинг беваси Марям суддан сўнг журналистларга берган интервюсида ҳиндуистларнинг сигирларга эътиқоди туфайли қон тўкилишига чек қўйиш зарурлиги ҳақида гапирди.

back to top