Уламолар: Терроризмнинг Ислом динига ҳеч қандай даҳли йўқ
Покистоннинг Диний масалалар ва динлараро муносабатлар вазири Сардор Юсуф, Покистон тинчликсевар мамлакат ва терроризмнинг Ислом динига ҳеч қандай даҳли йўқ деган муждани бутун дунёга тарқатиш керак, деди.
Вазирнинг ушбу баёноти Ислом тадқиқотлар институти ва Даъват академияси ҳузуридаги Халқаро Ислом университети ҳамкорликда 23 март куни Исломобод шаҳрида уюштирган халқаро анжуманда янгради.
Анжуманга Миср Республикасининг Бош муфтийси Шавқий Иброҳим Абдул Карим Аллам раислик қилди.
Сардор Юсуф турли диний мактаблардан анжуманга ташриф буюрган 1800 нафар уламолар Ислом дини терроризм ва жанггариликнинг ҳар қандай кўринишини инкор этишини дунёга яна бир карра якдиллик билан билдириш учун “Пайғоми Покистон” фатвосига имзо чекканларини маълум қилди.
“Бу Пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алаҳи васаллам 1400 йил аввал тараннум этган ўгитлар ва бизнинг муносабатимиздир”, - дея баён қилди Покистон вазири.
Анжуманда чиқиш қилган Миср Бош муфтийси ҳам терроризм ва зўравонликни кесқин қоралади.
“Террорчининг дини йўқ ва у инсониятнинг душмани. Терроризм балосига барҳам бериш йўлида биз бирга ишлашимиз лозим”, - дея баёнот берди Миср Бош муфтийси Шавқий Иброҳим Абдул Карим Аллам.



