2017 йил – Ғазо тарихида энг ёмон йил

«Ал Мезон» инсон ҳуқуқлари маркази директори Исом Юнис 2017 йилни сиёсий, иқтисодий, маданий, ижтимоий ва соғлиқни сақлаш шароитлари жиҳатидан Ғазо тарихида энг ёмон йил деб атади. Бу ҳақида Middle East Monitor нашри маълум қилди.

У, шунингдек, Фаластин қамалига чек қўйилмаса, кейинги бир неча кун ичида вазият янада оғирлашишини айтди.
Юнис халқаро ҳамжамиятни халқаро ҳуқуқ меъёрларига риоя қилиш масаласида Исроилга босим ўтказишга чақирди. У, шунингдек, Фаластин миллий бирлик ҳукуматини ходимларни муддатдан олдин нафақага чиқариш, маошларни 50% га қисқартириш, электр таъминотини камайтириш каби Ғазо аҳолисига қарши жазо чораларини тўхтатишга чақирди.
Инсон ҳуқуқлари фаолларининг маълумотларига кўра, 2017 йилда Ғазо аҳолиси орасида руҳий касалликка чалинганлар сони 2016 йилга нисбатан 21% га ошган, психиатр маслаҳатига муҳтожлар сони ҳам шу муддатда 69% га ўсган. Никоҳлар сони 10,8% га камайгани ҳолда, ёлғиз аёллар сони 9,5% га ортган.
Бундан ташқари, маҳаллий социологларнинг айтишларича, Ғазо аҳолисига 102 мингта янги квартиралар керак. 2008 дан 2014 йилларгача оралиқда вайрон қилинган тахминан 24 000 хонадон эса қайта тиклаш муҳтож. Бугунги кунда Исроил истилоси даврида шикаст етган уйларнинг фақат 53 фоизи яшашга яроқли.
Иқтисодий инқироз эса чўққисига чиққан. Марказ ходимларининг айтишича, Ғазо экспорти энг паст даражага тушган, ёшлар ишсизлиги 60% га, аёлларники эса 85% га етган.
Салкам 1000 акр ер майдони Исроил томонидан заҳарли пестицидларнинг сепилиши ҳамда суғориш учун электр қувватининг йўқлиги туфайли қишлоқ хўжалиги учун яроқсиз ҳолга келган.

back to top