Мўътадил буддистлар мусулмонларни мутаассиблардан қутқаришди

Шу йилнинг 4 март куни сингал мутассиб буддистлари тўдалашиб Шри-Ланканинг Канди вилоятига ҳужум қилди. Улар мусулмонларнинг тураржойлари ва дўконларини вайрон қилмоқчи эди.

Ҳужумлар натижасида ўнлаб уйларга ва дўконларга ўт қўйилди, ҳатто масжидлар ҳам зарар кўрди. Аммо Шри-Ланкада кўпчиликни ташкил қиладиган мўътадил буддист аҳоли орасида мусулмонларга ёрдамга шошилганлари ҳам кўп бўлди. Қуролланган безорилардан бир гуруҳи Паллекеле шаҳарчаси томон кетаётганда, буддийст оилалар мусулмон қўшниларини хавфдан огоҳлантирдилар. «Ҳужумлар бошланганда, биз тўйдан қайтаётгандик, безориларнинг келаётганини кўрган қўшниларимиз бизга қўнғироқ қилиб уйга келмай туришни, у ерда хавф борлигини айтишди, шунда ортга қайтдик», дея ҳикоя қилади Ҳасан исмли мусулмон йигит. Унинг уйи ва мол-мулкини мутаассиб буддистлар ёқиб юбордилар, дея хабар беради IslamNews сайти Waging Non-Violence нашрига таяниб.
Бундан ташқари, тамиллик руҳонийлардан бири ўз қавмини уйма-уй кезиб, тартибсизликлар пайти буддистларни мусулмонларга паноҳ беришга даъват қилган ва чақириғига рози бўлган буддистларнинг уйларига мусулмонларни ўз машинасида олиб бориб қўйган. Улар ўша ерда 2 кеча-кундуз яшириниб ўтирганлар. Қайтганларида эса уйлари култепага айланганди.
Ражавалла қишлоғида буддист роҳиблардан бири жаҳолатдан эсини йўқотиб, мусулмонларнинг уйларига ўт қўймоқчи бўлиб турган мутаассибларнинг қаршисига чиққан. Мусулмонларга қалқон бўлиб турган руҳонийни кўриб тажовузкор буддистлар ортга қайтиб кетишган. Балаголла шаҳрида эса маҳаллий буддист роҳиб Тхалпотха Тхеро жума намози пайти ўз қавми билан масжид атрофини тирик занжирдек ўраб олган ва ибодат пайти мусулмонларнинг хавфсизлигини таъминлаб турган.
Бундай мисоллар талайгина ва улар бир гуруҳ мутаассиблар учун бутун дин жавобгар эмаслигини исботлаб турибди.

back to top