Исломни қабул қилган қиз ота-онаси томонидан тазйиққа учради
Ҳиндистонда Исломни қабул қилган индуист қиз ва унинг оиласи ўртасида чиққан жанжал полиция ҳамда суд иштирокида ҳал этилди.
18 яшар Рита Ханделвалнинг ота-онаси қизлари 16 март куни уйдан чиқиб, қайтиб келмагани ҳақида полицияга ариза ёзди. Полициячилар қизни ўзи туғилиб ўсган Рожастондан узоқда – Жамму ва Кашмир штатида яшаётгани ва исмини ўзгартириб, турмушга чиққанини аниқладилар. Маълум бўлишича, Рита Исломни қабул қилиб, исмини Зайнаб деб ўзгартирган ва кашмирликлик мусулмонга турмушга чиққан. Ёшлар ўтган йили йигит Рожастонга ишга келганда танишишган, 27 декабрь куни қиз Исломни қабул қилган, 30 декабрда эса Хон Зайнабни никоҳига олган. Никоҳдан сўнг қиз март ойининг ўрталаригача ота-онаси билан яшаган ва эътиқодини ўзгартиргани ҳамда турмушга чиққани ҳақида ҳеч кимга маълум қилмаган, афтидан, жаҳлдор индуист отасидан қўрққан.
Қизни уйига қайтариш мақсадида Кашмирга етиб келган полициячилар маҳаллий ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан тўхтатиб қолинган, чунки ёш оила қизнинг ота-онаси томонидан бўладиган муносабатни аввалдан билиб, суд қарори орқали ўзларини ҳимоя қилиб олган эдилар. Бу ҳақида IslamNews сайти Deccan Chronicle нашрига таяниб маълум қилади.