Инсониятга қарши жиноятлар содир этилмоқда

Яман ҳудудида Саудия Арабистони, Бирлашган Араб Амирликлари ва Эрон ўртасида кураш авж олмоқда, мавжуд инқирозни бартараф этиш эса тобора мураккаблашмоқда. Бу ҳақида яманлик фаол аёл ва Нобель мукофоти совриндори Таваккул Карман «Анадолу» агентлигига маълум қилган.

Унинг сўзларига кўра, ушбу масалани зудлик билан жаҳон ҳамжамияти муҳокамасига олиб чиқиш керак, чунки Яманда инсониятга қарши жиноятлар содир этилмоқда.
«Ҳудудда зиддиятнинг давом этиши кўплар учун керак, чунки улар Яман мустақил бўлишидан қўрқадилар», деди Карман.
Аёлнинг фикрича, Саудия Арабистони, Бирлашган Араб Амирликлари ва Эрон манфаатларининг тўқнаш келиши Яманда қуролли зиддиятнинг давом этишига сабаб бўлмоқда.
«Бугунги кунда Яман буткул истило этилган ва бунда БААнинг роли катта бўлди. Амирликлар Яманда халқ лашкарини яратиб, урушга сабаб бўлмоқда. Ҳудуд Саудия Арабистони, БАА ва Эроннинг Яқин Шарқда ўз таъсир доирасини ошириш учун курашига навбатдаги майдон бўлди. Саудия Арабистони ва Эроннинг Ямандан кўзлаётган манфаатлари бир: улар устун бўлишни ва бутун Яқин Шарққа ўз сўзини ўтказишни истайди. Бундан ташқари, ҳар икки давлат ҳам Яманнинг мустақиллигига қарши ва Яман халқи вазиятни ўзи назорат қилишини истамайди», деди Карман.

back to top