Покистонда Ислом маданиятининг мусулмон олами келажагига таъсири масаласи муҳокама қилинди
Покистонда 28-29 март кунлари бўлиб ўтган «Анъаналар: Ислом маданияти ва тараққиётида инновацияларнинг ўрни» номли халқаро конференцияда Баҳовуддин Закариё номидаги университет доктори Тоҳир Амин Ислом олами қаршисида турган муаммоларни ҳал қилиш учун исломий институтлар орасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш лозимлиги ҳақида гапирди.
Унинг сўзларига кўра, Ғарб ўзининг кучли олий ўқув юртлари туфайли бутун дунёда устунлигини сақлаб турибди. Мусулмон мамлакатлари Ғарб оламига қарши тура олиш учун ўз таълим тизимини такомиллаштириши лозим, деди у.
Доктор Тоҳир Амин исломий қадриятлар ва маданиятнинг тикланишини замон талаби деб ҳисоблайди. Бугун дунёда мусулмонлар кўплаб муаммоларга дуч келмоқдалар. У ИШИД ва Боко Ҳаром каби қатор ташкилотлар Ислом номи билан мусулмонларни ўлдираётганлари, бу умуман нотўғри эканини айтди.
«Бундай жиноятлар Покистонга ҳам салбий таъсирини кўрсатмоқда. Сўнгги пайтларда мамлакатимиз хира рўйхатга кириб қолди, бу иқтисодий инқирозга олиб келади», деди доктор Тоҳир Амин.
У Покистонни кучли ва тараққий топган мамлакатга айлантириш учун олимларни ўз соҳаларида изланишлар олиб боришга чақирди.
«Биз мақсадсиз ҳаракат қилмаслигимиз керак», деди доктор Тоҳир. У Россия ва Хитой ўз институтларини ривожлнтириш йўлида ҳамкорлик қилаётганлари ва бу борада маълум ютуқларга эришганларини мисол тариқасида келтирди.
Ҳиндистоннинг Алигарх Муниципиал университети қошидаги Исломий тадқиқотлар департаменти раиси профессор Убайдуллоҳ Фаҳад Қуръонни ўрганишни рағбатлантириш зарурлигини таъкидлади. «Чунки у барча ёшдаги инсонлар учун йўриқномадир», деди профессор. Шунингдек, у аёлларга ҳурмат, тартиб ва интизом, уйғунлик, тенгҳуқуқлилик Қуръоннинг асосий қоидалари эканини таъкидлади.
«Биз нафақат жисмимиз, балки қалбимиз, тафаккуримиз ва хатти-ҳаракатларимизни ҳам такомиллаштириб боришимиз лозим. Ҳеч бир маданият салбий фикрлар заминида ривожлана олмайди, шу сабабли биз ижобий фикрлар, яхши гумонлар билан юришимиз керак, бу ҳаётнинг барча жабҳалари учун муҳим қоидадир», деди Убайдуллоҳ Фаҳад.
Исломобод Халқаро Ислом университети Исломий илмий-тадқиқотлар институти бош директори, профессор Муҳаммад Зиё-ул-Ҳақ Ислом анъаналари ва маданиятини тирилтириш нақадар муҳимлигини таъкидлади. У мусулмон олами ўзининг ҳақиқий маданиятини беэътибор қолдираётганини айтди.
«Мусулмон олами фақат Ислом маданиятига таянган ҳолда тирик қолиши мумкин», деди доктор Муҳаммад Зиё-ул-Ҳақ. Олим бу жараёнда ёшларнинг роли муҳимлигини алоҳида таъкидлади.