АҚШ: Мусулмонларга қарши реклама ишлаган гуруҳ ёрдамдан мосуво бўлди
АҚШдаги электрон жиҳозлар ва маиший техника савдоси билан шуғулланувчи энг йирик Best Buy компанияси асосчиси Ричард Шулц ўзининг инвестиция ширкатига ижтимоий тармоқларда мусулмонларга қарши реклама тарқатган “Американи ҳозир ҳимоя қилинг” номли ноҳукумат нотижорат гуруҳига ҳомийлик қилишни тўхтатиш ҳақида буйруқ берди.
Шулцга тегишли инвестицияларни бошқарадиган Olympus Ventures ширкати 6 апрел куни чиқарган баёнотда мусулмонларга қарши рекламани “Американи ҳозир ҳимоя қилинг” гуруҳи ижтимоий тармоқлар орқали оммага тарқатганидан Шулц бехабар экани билдириган.
Баёнотда Best Buy 2016 йилда мазкур гуруҳга моддий ёрдам бергани қайд этилган.
Olympus Ventures ширкати мусулмонларга қарши реклама тарқатилганини қоралади.
Бетараф тадқиқот олиб борадиган Responsive Politics маркази Olympus Ventures ва Best Buy нинг ўша пайтдаги раҳбари Брад Андерсон 2016 йилда “Американи ҳозир ҳимоя қилинг” гуруҳига 25 минг доллардан пул берганини аниқлаган.
Ҳозирда Миннесота штати давлат радиоси бошқарув кенгаши аъзоси бўлган Андерсон айни радиоканалга берган интервюсида агар маблағ ғаразли ниятда ишлатилишини билганида гуруғга ҳомийлик қилмаган бўлишини айтди.
Америка-Ислом муносабатлари кенгашининг Миннесота штатидаги бўлими Брад Андерсонни Давлат радиоси бошқарув кенгаши аъзолигидан истеъфога чиқишга чақирди.
АҚШда 2016 йилги президентлик сайловига бир неча кун қолганди “Американи ҳозир ҳимоя қилинг” номли гуруҳ ижтимоий тармоқлари орқали мусулмонларга қарши рекламани оммага тарқатган. Таҳлилчиларга кўра, рекламадан кўзланган мақсад кимга овоз беришга иккиланиб турган сайловчилар қалбига саросима солиб уларни Доналд Трамп томонига оғдиришдан иборат бўлган.



