Яҳудийлар мусулмонларнинг тарафини олди
Бостон полицияси сешанба куни саккиз нафар яҳудийни ҳибсга олгани ҳақида маълум қилди. Улар Бостондаги Исроил элчихонаси эшикларига ёпишиб олиб, Ғазо секторида фаластинликнинг ўлдирилишига қарши ўз норозиликларини билдирдилар. Полиция улар тартибсизлик юзага келтириш, тинчликни бузиш ва хусусий ҳудудга кириб боришда айбланаётганини айтди.
Саккиз кишидан иборат гуруҳ консуллик биноси ёнига ўтириб олиб, қўлларини бир-бирига чамбар-час боғлаб олганлар ва Ғазодаги зулм ва Исроил истилосига чек қўйилишини талаб қилганлар.
Намойишчилар IfNotNow номли нодавлат ташкилоти аъзолари бўлиб, ташкилот Исроилнинг Фаластиндаги сиёсатидан норози америкалик яҳудийларидан ташкил топган.
«Исроилнинг намойишчиларга қарши куч ишлатиши 50 йилдан ортиқ давом этиб келаётган истилонинг натижасидир. Марҳумлар учун қайғурар эканмиз, бизнинг авлод интиҳосиз истило ва инсон ҳаётининг бекорга қурбон бўлиши олға ҳаракатланиш йўли эмаслигини қатъий таъкидлайди. Мен фарзандларим исроиллик ўсмир ҳарбийларнинг фаластинлик ўсмир намойишчиларга қарата ўқ отаётганини кўриб улғайишини истамайман. Муаммонинг бошқа ечими бор ва биз шу ечим сари ҳаракат қилишимиз керак: биз ҳаммага эркинлик ва қадр-қиммат берадиган дунёни қуришимиз мумкин», деди норозилик тадбири ташкилотчиларидан бири Шира Тиффани.
Норозилик Ғазо чегараси яқинида 18 нафар фаластинликнинг исроиллик ҳарбийлар томонидан ўлдирилгани муносабати ташкил этилди. Бу 2014 йилги урушдан кейинги энг шафқатсиз зўравонлик деб баҳоланмоқда.



