Бангладеш 1 миллиард долларлик намунавий масжидлар қуришга киришди

Бангладеш ҳукумати радикал исломга қарши кураш доирасида 1 миллиард АҚШ долларига юзлаб намунавий масжидлар қуриш ишларини 6 апрел куни бошлади.

Пунчинг нашрининг билдиришича, 5 апрел куни дастлабки тўққизта янги масжидни қуришга рухсат берган Бангладеш Бош вазири Шайх Ҳасина хоним сайловлар ўтказиладиган йилда исломий гуруҳлар билан муносабатини мустаҳкамлашга уринмоқда.
Юқори лавозимли расмийларига кўра, Бангладеш ҳукуматининг экстремизмга қарши курашиш тадбирлари доирасида келаси 30 ой мобайнида 560та янги намунавий масжидлар билан бирга исломий марказлар ҳам қурилади.
Ҳукуматнинг Исломий масалалар бўйича департаменти раҳбари Шаҳмим Афзал Франс пресс ахборот агентлиги мухбирига қурилиш лойиҳаларида аёллар ибодат қиладиган марказлар ҳам очилиши назарда тутилганини айтди.
Афзал мамлакатда фаолият юритаётган 300 мингта масжиддан фарқли ўлароқ янги масжидларда кутубхоналар ва маданий марказлар ҳам фаолият юритишини қўшимча қилди.
Шаҳмим Афзал қурилиш ишларининг бир қисмини Саудия Арабистони молиялаштираётганини маълум қилди.
Бангладешда яшайдиган 160 миллион аҳолининг 90 фоизи Ислом динига эътиқод қилади.

back to top