Ҳаж зиёрати нархи эълон қилинди

2018 йил учун Ҳаж зиёрати нархи 38 000 000 сўм этиб белгиланди. Бу ҳақда Дин ишлари бўйича қўмита Матбуот хизмати хабар қилди.

Хабарда яна қуйидагилар ҳам маълум қилинган:
Ҳозирги кунда Саудия Арабистони Подшоҳлиги Ўзбекистон томонининг ҳаж ва умра ишларини ташкиллаштириши, зиёратчиларга қулай шароит яратиш ҳамда кўрсатилаётган хизматларини юқори баҳолаб, дунёнинг ривожланган мамлакатлари Туркия, Малайзия, Индонезия давлатлари қаторида эканлигини таъкидламоқда.
Ҳаж мавсумида ўзбекистонлик зиёратчиларга хизмат кўрсатиш учун соҳа мутахассисларидан иборат 230 нафар малакали ишчи гуруҳи, гуруҳ раҳбарлари, тиббиёт гуруҳи, ошпазлар гуруҳи сафарбар этилади. Мазкур ишчи гуруҳи ҳаж мавсумида зиёратчиларнинг ибодатларини эмин-эркин ва тўла-тўкис амалга оширишларини таъминлайдилар.
Шунингдек, зиёратчиларимизга муқаддас шаҳарларда жойлашган энг замонавий ҳамда барча шароитларга эга бўлган меҳмонхоналар хизмат кўрсатади. Зиёратчилар нафақат меҳмонхоналарда балки, Мино-Муздалифа-Арафот водийларида ҳам уч маҳал иссиқ овқат, 24 соат иссиқ чой ва тиббий хизмат билан таъминланадилар. Шуни таъкидлаш зарурки, бу хизматлар қўпгина бошқа давлатлар зиёратчиларига кўрсатилмайди.
Шунингдек, 2018 йилги Ҳаж мавсуми зиёратчиларини саралашда унинг моддий ва жисмоний жиҳатдан “Ҳаж” сафарига тайёрлиги, аввал Ҳажга бормаганлиги, ислом дини ва Ҳаж ибодати ҳақидаги тушунчалари, маънавияти, маърифати ва одоб-аҳлоқи, маҳалладаги обрў-эътибори, оиласидаги муҳитнинг соғломлиги ва фарзандларининг ижобий тавсифланиши, маҳалладаги ижтимоий-маънавий муҳитни яхшилашга қўшаётган ҳиссаси, йўлдан адашганларни соғлом турмуш тарзига қайтариш, уларнинг ижтимоий мослашувига ёрдам беришига алоҳида эътибор қаратилди.
Бу йилги ҳаж мавсуми ташкилий ишлари бошланди. Зиёратчиларни турли касалликларга қарши вакцина билан эмлаш ишлари жорий йилнинг 25 апрель кунига қадар давом этиши белгиланди. Шунингдек, 2018 йилги Ҳаж мавсуми учун сарф харажатлари энг юқори даражада кўрсатиладиган барча хизматларни эътиборга олган ҳолда ҳамда Жамоатчилик кенгашининг қарорига асосан 38 000 000 сўм этиб белгиланди.

back to top