БМТ ХК Суриядаги кимёвий ҳужум мавзусини муҳокама қилди

БМТ ХК Суриядаги кимёвий ҳужум мавзусини муҳокама қилди

Учрашув Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Хавфсизлик Кенгашига аъзо бўлган 15 давлатдан 9 тасининг ташаббуси билан чақирилди.
Апрель ойининг тўққизинчи куни БМТ Хавфсизлик Кенгаши фавқулодда йиғилишида Дамашқ яқинидаги Шарқий Ғута шаҳарчасининг Дума туманига қилинган кимёвий ҳужум мавзусини муҳокама қилди.

АҚШнинг БМТдаги доимий ваколатхонаси хабар беришича, мажлис Хавфсизлик Кенгашининг доимий уч аъзоси – Франция, Британия ва АҚШ, шунингдек, Хавфсизлик Кенгашининг доимий бўлмаган аъзолари – Кот-д‘Ивуар, Нидерландия, Перу, Польша, Қувайт ва Швеция ташаббуси билан чақирилди.
АҚШнинг БМТ доимий вакили Никки Хейли Сурияда тинч аҳолига қарши кимёвий қурол ишлатиш фактлари кўпайганини айтди. «БМТ Хавфсизлик Кенгаши вазиятга аралашиш учун йиғилиши ва мустақил тергов олиб бориш учун кимёвий ҳужум бўлган жойларга махсус комиссиянинг киритилишини ҳамда бу ваҳшийликда айбдорларнинг барчаси жавобгарликка тортилишини талаб қилиши шарт», деди у.
Франциянинг БМТдаги доимий вакили Жан-Ив Ле Дриан аввалроқ Шарқий Ғутадаги вазиятни зудлик билан муҳокама қилишга чақирган эди.
Башар Ассад режими тарафдорлари Шарқий Ғутадаги мухолифат назоратида қолган сўнгги пунктларга нисбатан кимёвий қурол қўллади. Газдан заҳарланиши натижасида 78 киши ҳалок бўлди.

haberler.com

back to top