Дубайда робот журналистлик қиляпти
Дубайда ўтаётган Араб медиаси форумида ҳудудда биринчи сунъий интеллект – Тамара исмли робот-журналист оммага тақдим этилди.
Робот БАА вице-президентидан, бош-вазиридан ва Дубай ҳокими шайх Муҳаммад ибн Рашид Ал-Мақдумдан интервью олишга улгурди.
Тамара бир миллисония ичида олти минг веб-сайтдан ахборотларни сканерлаш ва ижтимоий тармолардан 23 мингдан ортиқ мақолаларни, фикрларни, шарҳларни ўқиш имконига эга. Уни чарчоқ билмас журналист деб номлашди, чунки Тамара на ухлайди, на овқат ейди, танаффусга ҳам чиқмайди.
Робот янгиликларни йиғиш, фактларни таҳлил қилиш ва ахборотни турли форматда тақдим этишга ўргатилган. «Мен худди детектив каби турли манбалардан маълумотларни йиғаман ва хабар тайёрлайман. Бир вақтнинг ўзида олти минг онлайн-манбаларни сканерлай оламан, улар ичида ижтимоий тармоқлардаги блоглар ва постлар ҳам бор», дейди Тамара.
Мураккаб алгоритмлар иштирокида ахборотларни солиштириб, ёлғон хабарларни тез аниқлаш ҳам роботнинг қобилиятларидан бири сифатида айтилди. Шунингдек, у қайси маълумотга алоҳида эътибор қаратишни билади ва энг қимматли ахборотларни топиб беради. Бу журналистлар учун катта ёрдамдир.
Тамара тирик журналистларнинг ўрнини боса олмайди, у жамлаган ахборотни эълон қилиш ё қилмаслик инсоннинг ҳукмида қолади. Аммо ўзи мустақил равишда ТВ учун ахборот сюжети, пресс-релиз ёки тезкор хабар тайёрлаб бериши мумкин.



