Белгия сиёсатчилари Ислом партиясини тақиқлашни ўйламоқда
Белгиядаги Ислом сиёсий партияси жамоа транспортлари эркаклар ва аёллар учун алоҳида-алоҳида бўладиган исломий давлат қуриш мақсади борлигини эълон қилиш орқали Белгия сиёсатчилари орасида чуқур ташвиш уйғотди.
Мазкур партия 2012 йилда Андерлехт ва Моленбийк мунисипал сайлов округларида иккита ўринни эгаллаб кўпчиликни хайратга солган эди. Энди Ислом партияси 2018 йилда ўтказиладиган шаҳар кенгаши сайловларига ўз номзодларини илгари суришни режаламоқда.
Коалиция ҳукумати аъзоси бўлган миллатчи N-VA ҳамда Open VLD партиялари мамлакат конституциясига тузатиш киритиб экстремист қарашдаги партияларнинг сайловда қатнашишини таъқиқламоқчи. Чунки бу икки партия Ислом партиясини экстремист қарашдаги партия деб ҳисоблайди.
Маҳаллий нашрларга кўра, Белгиядаги аксар мусулмонлар Ислом партиясининг режасини қўллаб-қувватламайди.
Айни пайтда, Ислом партиясининг режасини ғайриоддий таклиф деб ҳисоблайдиганлар ҳам йўқ эмас. Масалан, Белгиянинг француз тилидаги мактабларида болаларга араб тилини ўқитиш таклифини илгари сурган белгиялик сиёсатчи Андре Флахот Ислом партияси қарашини “биргаликда тинч яшаш йўлида олдинга ташланган қадам” дея баҳолаган.
Флемишлик социолог Ян Хертоген маълумотига кўра, 2015 йил 1 январига қадар Белгияда 780.000 мусулмон яшаган. Бу мамлакат аҳолисининг етти фоизини ташкил қилади.



