“Чегара билмас ёшлар” асосчиси бўлган муслима АҚШга киритилмади
Австралиялик муслима фаол Ясмин Абдул Мажид 2018 йил 11 апрел куни АҚШнинг Миннеаполис шаҳрига самолётда етиб борган пайтда чегара хизмати ходимлари уни ушлаб, визасини бекор қилди, қўл телефони ва Австралия паспортини олиб қўйиб кейинроқ АҚШдан самолётда ортга қайтариб юборди.
Хаффингтонпост нашрига кўра, Абдул Мажид Ню Йорк шаҳрида келаси ҳафтада бошланадиган “PEN Америка дунё овозлари фестивали”да нутқ сўзлаш учун АҚШга борган.
Қатор мақолалар муаллифи ва мухандис Абдул Мажид хоним мусулмон аёллар ва қочқинлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан шуғулланувчи “Чегара билмас ёшлар” номли гуруҳ асосчисидир.
Ню Йорк Таймс мухбири Изабелла Квай Абдул Мажид жўнаб кетишидан олдин у билан боғланганида АҚШ чегара хизмати ходимлари унга берилган В-1 визаси унга анжуманда пул тўланадиган нутқ сўзлаш ҳуқуқини бермаслигини рўкач қилган ва нотўғри виза билан келганини айтиб қайтариб юборишаётганини маълум қилган.
Хаффингтон Пост мухбири АҚШ чегара хизматига боғланганида телефон гўшагини кўтарган ходим АҚШга “виза берилгани мамлакатга кириш кафолатланганини англатмаслигини” таъкидлаган.



