Гондурасда Ислом
Гондурас – черковлар мамлакати, бу ерда насронийликнинг турли мазҳабларига оид эҳромлар кўп. Аммо мамлакатнинг катталиги бўйича иккинчи ўринда турадиган шаҳри Сан-Педро-Сулада бир масжид бор – унинг биноси олтинранг гумбаз ва ярим ой билан безатилган, жума кунлари у ердан азон товуши эшитилади.
Мамлакатдаги ягона масжидга асосан келиб чиқиши покистонлик тадбиркорлар, шунингдек, Исломни қабул қилган кубаликлар ва гондураслик зобитлар (улар орасида ҳатто генераллар ҳам бор) намоз ўқигани келади.
Масжидга Муҳаммад исмли шахс имомлик қилади. 26 йил аввал Исломни қабул қилган балиқчи Арналдо Эрнандез ҳар жума куни 3 соатлик йўл босиб Сан-Педро-Сулага жума намози учун келади, дея хабар беради IslamNews сайти Atlas Obscura нашрига таяниб.
«Аввал биз шифохона ёнидаги бир хонада намоз ўқирдик», дейди у. Сан-Педро-Сула аҳолисининг 25 фоизи араблар бўлишига қарамай, узоқ йиллар давомида Гондурас Лотин Америкасидаги биронта ҳам масжиди йўқ ягона мамлакат бўлиб келди. Бу ерда Исломни қабул қилган тубжой аҳолиси ҳам кўпчиликни ташкил қилади. Таъкидлаш жоиз, мусулмонлар Гондурасда 1895–1915 йилларда араб дунёсидан муҳожирларнинг оммавий кўчиши тўлқинида пайдо бўлишган.



