Қирол Салмон Қуддус шаҳрига $ 150 миллион беришни ваъда қилди

Саудия Арабистони Қироли Салмон 15 апрел куни АҚШ Президенти Доналд Трампнинг Исроилдаги Америка элчихонасини Қуддус шаҳрига кўчириш ҳақидаги қарорини танқид қилиб Қуддусдаги муқаддас исломий қадамжолар учун 150 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратишни ваъда қилди.

22 давлат аъзо бўлган Араб Лигаси ташкилоти саммитининг тантанали очилиши маросимида чиқиш қилган Саудия Қироли Эронни минтақавий масалаларга “очиқдан-очиқ аралашаётганлик”да айблади.
Суриядаги кимёвий қуроллар ишлаб чиқарилиши тахмин қилинган жойларга АҚШ, Британия ва Франция ҳаводан зарбалар берганидан 24 соат кейин бошланган мазкур йиғилишда Сурия масаласи муҳокама этилмади.
Араб Лигасининг 29-саммитида қатнашиш учун 17 давлат раҳбарлари Саудиянинг Даҳран шаҳрига йиғилди.
Саммитда Сурия президенти Башар Ал Ассад ва Қатар амири иштирок этмади.
Йиғилишда Қатар номидан мамлакатнинг Араб Лигасидаги расмий вақили ҳозир бўлди.

back to top