Истанбулда оз сонли мусулмонлар саммити бошланди
Туркиянинг Истанбул шаҳрида 16 апрел куни дунёнинг турли мамлакатларида яшайдиган оз сонли мусулмонларнинг саммити иш бошлади.
Маҳаллий нашрларга кўра, йиғилишда 100та давлатдан келган 250 нафар вакил қатнашмоқда.
Тўрт кунлик саммит иштирокчилари ўзлари яшаётган мамлакатда озчиликни ташкил этган мусулмон жамоалари дуч келаётган турли муаммоларини муҳокама қилиши режаланган.
Тадбир ташкилотчилари эълон қилган баёнотда мусулмон олимлар, фаоллар, журналистлар ва ёзувчилар қатнашаётган саммитдан кўзланган мақсад дунё мамлакатларида яшаётган озчиликни ташкил этган мусулмонлар кундалик ҳаётида дуч келаётган турли муаммолар, уларга ечим топиш ҳамда ҳозирги диний таълим ва хизматларни янада кучайтириш каби масалаларини муҳокама қилишдан иборат экани билдирилган.



