БААда Оз сонли мусулмонлар халқаро қурултойи таъсис этилди

Бирлашган Араб Амирликлари (БАА) дунё давлатларида озчиликни ташкил этган, кундалик ҳаётда камситиш ва таҳқирларга учраётган миллионлаб мусулмонларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан шуғулланадиган ва улар номидан иш юритадиган Оз сонли мусулмонлар халқаро қурултойи таъсис этилганини эълон қилди.

Қароргоҳи Абу Даби шаҳрида жойлашган янги ташкилот Яқин Шарқ ва Ғарб давлатлари етакчиларига оз сонли мусулмонлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишда ёрдам берадиган қонун-қоидалар ишлаб чиқишда кўмаклашади.
БААнинг Бағрикенглик вазири, шайх Наҳян ибн Муборак Ал Наҳян ҳомийлигида таъсис этилган янги ташкилот ўзининг илк анжуманини 8-9 май кунлари ўтказиши режаланган.
“БАА бошқа ҳукуматларнинг қонун-қоидаларига аралашмайди балки, тинчлик ва хавфсизликни таъминлашда улар билан ҳамкор сифатида иш юритади”, - деди Оз сонли мусулмонлар халқаро қурултойи Олий қўмитаси раиси Др. Али Рашид Ал Нуайми "Ҳалиж Таймс" нашри мухбири билан суҳбатда.
Оз сонли мусулмонлар халқаро қурултойининг май ойига белгиланган илк йиғилишида 140та давлатдан 400дан зиёд делегат қатнашиб ўз мамлакатларида оз сонли мусулмонлар дуч келаётган муаммоларни муҳокама этишлари кутилмоқда.

back to top