Икки бошқирдистонлик отда ҳажга жўнади (+Видео)
Мусулмонлар ҳажга бирданига жўнаб кетмайдилар, ҳар бир муслим бу амалга аввалдан пухта ҳозирлик кўради. Кўпинча сафарни ташкиллаштирувчи операторлар бўлажак ҳожиларнинг қайси йўналишдан юриши, қаерларда тўхташи, умуман, сафар режасини белгилаб беради.
Бироқ айрим бўлажак ҳожилар сафарга мустақил чиқадилар: машинада, велосипедда, ҳатто пиёда. Бошқирдистонда яшайдиган икки мусулмон эса от устида ҳажга йўл олишди.
Бошқирдистонлик икки фермер Абдуллоҳ Камолов ва Расул Ахияриддинов отда ҳаж сафарига чиқиб, Россиянинг Волгоград областига етиб боришга ҳам улгуришди.
Улар кунига 30–40 километрдан йўл босяпти ва отлари чарчаб қолмаслиги учун кўпроқ пиёда юряпти. Шу йўл билан ҳаж амалини адо этишни анчадан бери орзу қилишарди. Бўлажак ҳожилар Саудия Арабистонигача яна 3 минг километрча йўл босишлари лозим.
Икки мусулмон сафарни март ойининг охирида Татаристоннинг Булгара шаҳридан бошлашди, шаҳар Волгабўйи аҳолиси 922 йили Исломни расман қабул қилган жой ҳисобланади.
Россия чегараларигача уларга фермер, йилқичилик бўйича мутахассис Ҳасан Идиятуллин ҳамроҳлик қилади. Айнан у бўлажак ҳожиларга узоқ сафар учун зотдор отларни совға қилди.



