Масжид меҳмонлари Исломнинг аҳамиятини тушунишди
Ўтган якшанба Американинг Оклахома штатидаги Стиллуотер шаҳри масжидида «Очиқ масжид куни» ўтказилди ва маҳаллий аҳолининг катта қизиқишига сабаб бўлди.
Мусулмон жамоати шаҳарликларга янги масжид биносини кўрсатишдан мамнун бўлди, меҳмонларга исломий-маърифий мавзудаги маъруза ҳамда мазали егуликлар жуда ёқди, деб хабар беради Stillwater News Press.
«Очиқ масжид куни» акцияси иштирокчилари аввал Натарианто Индравана ижросида азон тинглашди, кейин имом Ҳабиб Идрис уларга беш маҳал намоз ўқишнинг моҳиятини англатди. «Намоз сиз билан Аллоҳ ўртасидаги хос суҳбатдир», деди имом Идрис.
Масжид меҳмонлари намоз пайти мусулмонларнинг қатор туриб руку ва саждага кетишларини қизиқиш билан томоша қилди.
«Биз Стиллуотер аҳолиси ва мусулмонлар ўртасида яхши қўшничилик алоқаларини йўлга қўйишга ҳаракат қиляпмиз», деди исломий марказ координатори Хатим Хегоб.
Бундай тадбир масжидда 15 йилдан бери ўтказиб келинмоқда, натижада кўплаб инсонлар Ислом динини қабул қилди.
«Биз бир-биримиздан кўп фарқ қилмаймиз, ҳаммамиз Худога ишонамиз», деди масжиднинг 18 ёшли меҳмони Купер Кегли. Мусулмонлар ва насронийлар бир Худога эътиқод қилишлари ҳақидаги фикрга дам олиш кунлари масжидга келган 20 яшар Натан Шронфелд ҳам ишонади.



