Экспертлар: Европа исламофобия мавжудлигини тан олиши керак
Европада исламофобия кучайиб бораётган бир пайтда экспертлар аввало Европа давлатлари исламофобия мавжудлигини рад этишни бас қилиши кераклигини, мусулмон жамоалари дуч келаётган муаммолар Европанинг асл қадриятларига ҳам таҳдид солаётганини тан олишлари лозим демоқда.
“Европа жамиятларида исламофобия мавжуд эканини инкор қилиш анъанага айлангани кўзга ташланмоқда. Мусулмонлар рўпара келаётган муаммолар эса анчайин хавфли”, - дейди Салзбург университети сиёсий таҳлилчиси Фарид Ҳафез Сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий тадқиқотлар жамғармаси уюштирган йиғилишда.
Дейлисабоҳ нашрига кўра, 13 апрел кунги йиғилиш “Европа исламофобияси 2017” номли ҳисобот тақдимотига бағишланган.
“Мусулмонлар умумий жамиятдан ажралиб қолган, мусулмон бўлганлари сабабли уларга ўзгача муомала қилишади, менимча, бу мусулмонлардан кўра кўпроқ демократия учун каттароқ муаммодир”, - дея баён қилган Фарид Ҳафез европаликларни исламофобия мавжуд эканини тан олишга чақирди.
Исламофобия борасида Европадаги мусулмонларга нисбатан турли кўринишдаги сўз ва жисмоний ҳужумлар таҳлил қилинган ҳисоботда, 2017 йилда Германияда мусулмонларга нисбатан 908та ҳужум воқеалари, Полшада 664та, Нидерландияда 364та, Австрияда 256та, Францияда 121та ва Данияда 56та нохуш воқеалар қайд этилган.
Дин ишлари бўйича Туркия-Ислом иттифоқи маълумотига кўра, Германияда 100та масжидга, мусулмонларга эса 908 марта ҳужум уюштирилган.
Исламофобия Обсерваторияси маълумотига кўра, Францияда 121та исламофобик воқеалар қайд этилган.
Йиғилишнинг очилиши маросимида сўзга чиққан Туркия Ташқи ишлар вазири Мевлут Чаушўғли Европадаги муаммолар учун фақат мигрантлар ва хорижликларни айбдор қилиб кўрсатиш бу инсонийликка ва адолатга тўғри келмаслигини таъкидлади.
“Масалан, ҳукуматнинг нотўғри бошқаруви натижасида келиб чиққан иқтисодий муаммолар учун мигрантлар масъул эмас. Аксинча, мигрантлар ўша давлатлар ривожи учун ҳисса қўшмоқда”, - дея баён қилди Туркия ТИ вазири.
Чаушўғли ўша сиёсатчилар томонидан кенг қўлланиладиган нафрат нутқлари Европанинг ҳамма давлатида жиноят эканини эслатиб, популист сиёсатчилар жамиятни мигрантларга қарши қайраётганини таъкидлади.
Франциядаги Адолат ва озодлик қўмитаси вакили Яссер Лоуати исламофобия кенг тарқалишида оммавий ахборот воситалари ролига эътибор қаратди.
“Давлат томонидан молиялаштирилган ахборот воситаси исламофобия ҳақида хабарлар тарқатса, у ҳолда давлат ирқчиликни қўллаб-қувватлаётган бўлади”, - деди Лоуати.
Туркия ТИ вазири Чаушўғли исламофобияга ҳам худди анти-семитизм каби жиноят сифатида қараш кераклигини таъкидлади.
Мевлут Чаушўғли мусулмонларга нисбатан бўлган ҳозирги нохуш муносабатни нодавлат ташкилотлари, олимлар, сиёсатчилар ижобий томонга ўзгартира олиши мумкин деган фикр билдирди.
Ҳисоботда исламофобия муаммосига барҳам бериш учун аввало “исламофобия қонуний ва сиёсий жиҳатдан тан олиниши ўта муҳим экани” таъкидланган.
“Шу боис исламофобия бўйича Европа даражасидаги анжуман Европа Иттифоқига аъзо бўлган камида битта давлат томонидан ёки Европа Парламенти томонидан қўллаб-қувватланиши лозим. Шундан келиб чиққан ҳолда Европа Парламенти анти-семитизм ва лўлилар камситилишига қарши қабул қилгани каби, аниқ сиёсий тавсиялар билан исламофобияга қарши кураш ҳақида резолюция қабул қилиши лозим”, - дейилади ҳисоботда.



