Лондонда бошланғич нархи 500.000 долларлик мусҳаф “кимошди”га қўйилади
Британия пойтахти Лондондаги Christie’s кимошди савдо уйида 26 апрел куни сотувга қўйиладиган ашёлар рўйхати эълон қилинди.
Энг харидоргир бўлиши кутилаётган ўнта ашё рўйхатида биринчи бўлиб Қуръони Каримнинг қадимий мусҳафи турибди.
Блоуинарт нашри хабарига кўра, матн ўлчами 11.9 x 6.8 cм, саҳифа ўлчами 22.2 x 13.4 cм бўлган мазкур мусҳафда Усмонли империяси давридаги турк хаттоти Яҳё Ҳилмийнинг имзоси бўлиб, 1886 – 1877 йиллар санаси қўйилган.
Қуръони Карим қўлёзма нусхасининг бошланғич нархи 495 минг 250 АҚШ долларидан 707 минг 500 долларгача деб баҳоланган.
Мусҳаф иллюминациясига Ҳуснининг шогирди Усмон Юмни, деб имзо чекилган.
Шунингдек, қўй ёки эчки терисига арабча ёзувнинг дастлабки шакли – ҳижозий ва дастлабки куфий ёзувда битилган кичкина тўртбурчак шаклдаги Қуръони Карим мусҳафининг тўққиз варағи ҳам савдога қўйилади.
Саккизинчи асрда Саудия Арабистони ёки Яқин Шарқда кўчирилгани тахмин қилинаётган, ўлчами 11.1 х 12.7 см бўлган мусҳаф саҳифаларининг бошланғич нархи 113 минг 200 АҚШ долларидан 169 минг 800 долларгача дея баҳоланган.
26 апрел кунги кимошди савдосида мусулмон усталар томонидан ишланган ашъёлар ҳамда Ҳиндистон санъат асарлари, жумладан, қўлда тўқилган қадимий гиламчалар ва гиламлар савдога чиқарилиши эълон қилинган.



