Саудия кучлари Қирол саройи яқинида “ўйинчоқ дрон”ни уриб туширди
21 апрел куни Саудия Арабистони пойтахти Риёд шаҳрида хавфсизлик кучлари Қироллик саройи яқинида учаётган “ўйинчоқ дрон”ни уриб туширди.
Давлатга қарашли Саудия ахборот агентлиги (SPA) Интернетдаги саҳифасида эълон қилган баёнотда воқеа шанба куни маҳаллий вақт билан соат 19:50да Риёд шаҳрининг Ҳузама мавзесида рўй бергани билдирилган.
Баёнотда Риёд полициясининг матбуот вакили кичкина “ўйинчоқ дрон” хавфсизлик зонасига яқинлашган пайтда полиция ходимлари уни пайқаб уриб туширгани маълум қилинган.
Расмий хабарда мазкур воқеа юзасидан тегишли идоралар томонидан текширув ишлари бошлангани баён қилинган.
Ал Жазийра ахборот агентлиги хабарига кўра, исми ошкор этилмаган Саудия расмийси Рейтерс ахборот агентлигига воқеа рўй берган пайтда Қирол Салмон саройда бўлмаганини айтган.
“Қирол Дириядаги дала ховлисида бўлган”, - дея тушунтириш берган Саудия расмийси.



