Қувайт ва Саудия Нидерландияда ўнлаб исломий ташкилотни молиялаштирган
Сўнгги йилларда Нидерландиядаги камида 30та исломий ташкилот молиявий ёрдам сўраб Қувайт ва Саудия Арабистонига мурожаат қилган ёки бу икки давлатдан пул олган.
Ўтказилган журналистик изланиш натижасига асосланиб бу ҳақда NRC номли газета ва Nieuwsuur телеканали маълум қилди.
“Қувайт ва Саудия Арабистони Нидерландия расмийларига 2010 йилдан бери исломий ташкилотлар қандай қилиб дипломатик каналлар орқали махфий тарзда молиялаштирилгани ҳақида махфий маълумотларни бермоқда”.
Nieuwsuur телеканалининг ушбу иддаоси бир-бирига алоқаси бўлмаган, ёрдам сўраб мурожаат қилган учта рўйхатга асосланган.
NRC газетаси маълумотига кўра, консерватив қарашдаги Кўрфаз давлатлари томонидан исломий ташкилотларнинг молиялаштирилиши баҳсли масала. Чунки улар Ислом динининг салафийлик деб аталган фундаменталистик оқими билан боғлиқ.
Миллий хавфсизлик ва терроризмга қарши курашиш бўйича мувофиқлаштирувчи (NCTV) ташкилоти тўплаган маълумотларга кўра, тўрт йил олдин Нидерландияда салафийларга тегишли масжидлар сони 13та бўлган.
Бугунги кунда уларнинг сони 27тага етган. Салафий домлалар сони 50дан 110 нафарга етган.
Nieuwsuur телеканалига кўра, бу маълумотлар ҳам махфий бўлган. Чунки Нидерландия Бош вазири Марк Рутте аввалроқ парламент аъзоларига Нидерландияда салафийликка алоқадор бўлган ташкилотлар рўйхатини тузиш қийин эканини айтган.
Нидерландиядаги Марокаш масжидлари кенгаши исломий ташкилотларни ўз молиявий манбалари ҳақидаги маълумотларни ошкор қилишга чақирган.
Бундан ташқари Нидерландия ҳукумати исломий ташкилотларнинг “маълум давлатлар” томонидан молиялаштирилиши устидан назорат кучайтирилишини таъкидлаган. Аммо ҳозиргача бу борада аниқ дастур тақдим этилмаган.
NRC газетаси ва Nieuwsuur телеканали Яқин Шарқ давлатларидан Нидерландиядаги исломий ташкилотларга қанча пул берилганини аниқ кўрсата олмаган. Лекин телеканал ва газета нашри Де Ал Фатҳ ва Дордрехт номли масжидларга Саудия Арабистони томонидан 88.888 евро ($108.400) миқдорида пул берилганини мисол қилиб кўрсатган.



