Саудия нигерияликларнинг Ҳажга келишини тақиқлашга таҳдид қилди
Ласса безгаги тарқалгани сабабли Саудия Арабистони нигерияликларнинг муқаддас Ҳаж зиёратига боришини тақиқлаши мумкинлиги ҳақида миш-мишлар тарқалганидан сўнг Нигерия ҳукумати мамлакатнинг мусулмон аҳолисини тинчлантиришга уринмоқда.
Нигериянинг Ҳаж комиссияси 24-25 апрел кунлари фавқулодда йиғилиш ўтказди. Мажлисда 36та штатдан вакиллар иштирок этди.
Ижтимоий тармоқларда шов-шувлар тарқалганидан кейин Нигерия миллий Ҳаж комиссиясининг матбуот котиби Муса Убандаваки Премиум Таймс нашрига Ласса безгаги тарқалгани сабабли Саудия Арабистони нигерияликларнинг Ҳаж зиёратига боришини тақиқлашга таҳдид қилганини тасдиқлади.
Кейинроқ комиссия бу ҳақда Саудия узил-кесил қарор қабул қилмаганини таъкидлаб аҳолини тинчлантиришга уринди.
2017 йилги Ҳаж масумида Саудиянинг Макка шаҳрига дунё давлатларидан икки миллион зиёратчи йиғилган. Ўтган йил Саудия ҳукумати Нигерияга 95.000 зиёратчи учун ўрин ажратган эди.



