Қуръони Карим ёзилган “Мадани” ёзув тури рақамлаштирилади

Қадимий араб ёзувлари хилма-хил ва гўзал. Аммо уларнинг Макки ва Мадани тури бошқа ёзув турларига нисбатан кенг қўлланилади.

Мадани ёзув туридан Қуръони Карим ва Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини ёзишда фойдаланилган.
Сауди Газетте нашрига кўра, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам дунёдаги ҳукмдорларга мактуб ёзганларида ҳам Мадани ёзувида мактуб битганлар.
Қадимда яшаган одамлар тошлар ва тоғ қояларига ҳам Мадани ёзувида ёзишган.
Саудия Арабистонининг Мадина шаҳри амири, айни пайтда, Мадина тараққиёт қўмитаси раиси бўлган шахзода Файсал ибн Салмон араб тилининг Мадани ёзув турига жиддий эътибор қаратмоқда.
Нашр маълумотига кўра, дунёдаги йирик кутубхоналар, жумладан, Франция Миллий кутубхонаси, Нидерландиянинг Лейден университети кутубхонаси, Британиянинг Бирмингем университети кутубхонаси ва Германиядаги Берлин кутубхонасидаги Қуръон мусҳафлари Мадани ёзувида ёзилган.
Мадина шаҳридаги Қуръони Карим чоп этиладиган “Қирол Фаҳд” номидаги нашриёт мажмуаси Қуръоннинг Ҳижрий 1422 йилда чоп этилган Мадани ёзувини рақамлаштириш ва эстетик жиҳатдан янада гўзал кўринишда чоп этиш бўйича ишлаб чиқилган лойиҳани амалга оширишга киришди.
Бундан кўзланган мақсад энг замонавий компютер дастурларидан фойдаланган ҳолда декорациялар сифати кучайтирган ҳолда юқори сифатли ёзув турини ишлаб чиқишдан иборат.
Мадани ёзув турини рақамлаштириш ҳақида гапирган соҳа мутахассиси Сулаймон ибн Абдуллоҳ Ал-Майман бугунги кунда қўлланилаётган барча турдаги араб ёзувининг асоси Мадани ёзув тури эканини алоҳида таъкидлади.
Ал-Майман лойиҳадан кўзланган мақсад қадимий Қуръон ёзуви ҳисобланган Мадани ёзув турига компютерда рақамли тус беришдан иборат эканини қўшимча қилди.

 

back to top