Франциялик мусулмонлар Ўзбекистон зиёратида
Ўзбекистонлик шарқшунос ва исломшунос олимлардан иборат делегация 2 май куни Франция мусулмонлар кенгаши фахрий президенти, Париж жоме масжиди имоми Далил Бубакр, муфтий Желлул Бузиди билан учрашув ўтказди. Бу ҳақда УзА агентлиги хабар берди.
Учрашувда Франция мусулмонларининг ҳаёти, ибодатлари, анъана ва маросимлари ҳақида сўз борди. Мусулмон уламолари ислом номидан содир этилаётган турли хунрезликларни қоралаши, бу каби кўнгилсизликларнинг олдини олиш учун, биринчи галда, ёшларнинг маърифатини ошириш, дунёқарашини кенгайтириш энг муҳим вазифалардан ҳисобланиши қайд этилди.
– Ўзбекистон вакилларининг Париж жоме масжидига ташрифи бизни мамнун этди, – дейди Париж жоме масжиди муфтийси Желлул Бузиди. – Ўзбекистондаги янгиликларни эшитиб жуда ҳам қувондик. Хусусан, Ислом цивилизацияси маркази, Халқаро ислом академияси, Имом Бухорий ва Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказларининг ташкил этилишини оламшумул аҳамиятга эга ташаббуслар, деб ҳисоблайман. Бу табаррук заминдан минглаб забардаст алломалар етишиб чиққан. Мусулмон дунёси улар билан чексиз фахрланади. Янги марказлар юртингизда кўплаб олиму фузалоларнинг камолга етишига, дунё бўйлаб ислом маърифатининг кенг ёйилишига катта ҳисса қўшади.
Франция мусулмонлар кенгаши фахрий президенти Далил Бубакрнинг таъкидлашича, Франция мусулмонларининг Ўзбекистонга қизиқиши, табаррук қадамжоларни бориб кўриш истаги тобора ортиб бормоқда.
– Биз Ўзбекистонда маърифий, бағрикенг исломни қўллаб-қувватлаш, ёшларни энг яхши анъаналар асосида тарбиялашга қаратилган ислоҳотларни қўллаб-қувватлаймиз. – дейди Далил Бубакр. – Яқин ойларда францияликлар делегациясининг Тошкент, Самарқанд ва Бухоро каби шаҳарларга саёҳатини режалаштирганмиз. Француз мусулмонлари учун Имом Бухорий, Имом Термизий мақбаралари, Баҳоуддин Нақшбанд мажмуасини зиёрат қилиш катта орзу.
http://uza.uz



