Туркиядан бошқа мусулмон давлатлари нега жим?
Ғазо секторида юзага келган вазият ва 59 нафар фаластинлик ҳалок бўлгани сабабли Туркия раҳбарияти АҚШдаги ва Исроилдаги элчиларини ортга чақиртириб олди ва мамлакатда ҳалок бўлганлар хотирасига 3 кунлик мотам эълон қилди. Бу ҳақда “Анадўлу” маълум қилди.
“Фаластинлик оға-иниларимиз билан бирдамлик сифатида Ғазода исроиллик ҳарбийлар билан тўқнашувларда ҳалок бўлганлар хотирасига Туркияда эртанги кундан 3 кунлик мотам эълон қилинади”, деб айтган Ражаб Тоййиб Эрдўған.
Шу билан бирга Туркия Исроил элчисини мамлакатдан чиқиб кетишини хоҳлаётганини ҳам маълум қилган.
Туркия раҳбари бир қатор жаҳон етакчилари, биринчи навбатда Фаластин етакчиси Маҳмуд Аббос ва БМТ бош котиби Антониу Гутерреш билан музокаралар ўтказмоқчилигини айтган.
Туркия президенти Ислом ҳамкорлик ташкилотининг фавқулодда саммити чақиртирилишини ҳам маълум қилди.
Шунингдек Туркия президенти БМТ Хавфсизлик кенгашида бирорта ҳам мусулмон мамлакатнинг йўқлигини адолатсизлик сифатида баҳолаб, яна бир бор БМТни танқид қилди. “Биз адолат талаб қиламиз. Сабаби БМТни ташкил қилишдаги асосий мақсадлардар бири глобал адолатни таъминлаш бўлган.
Биз адолат талаб қиламиз. БМТ Хавфсизлик кенгашига кирувчи 20 давлат сайлов асосида танланганида, адолат бўларди.
Шу сабабли БМТ Хавфсизлик кенгаши сайлови икки босқичда ўтказилиши мумкин: дастлаб 10 давлат алмаштирилади, кейин қолганлари”, – деди Эрдўған.
Эслатиб ўтамиз БМТ Хавфсизлик Кенгашининг Исроил аскарлари қўлидан бегуноҳ 59 нафар фаластинлик ҳалок бўлгани юзасидан мустақил текширув ўтказиш бўйича киритилган таклифга АҚШ вето қўйди.
Шунингдек Туркияда ҳалок бўлган фаластинликлар учун жаноза намози ўқилиши ҳам маълум қилинди. Жаноза Пешин намозидан кейин ўқилишини Туркия дин ишлари бошқармаси эълон қилган.



