ИКТ саммитида Исроил ва АҚШ нинг хатти-ҳаракатлари қораланди
Туркиянинг Истанбул шаҳрида Ислом конференцияси ташкилотининг (ИКТ) фавқулодда саммити бўлиб ўтди. Йиғилиш иштирокчилари Исроилни ва АҚШ элчихонасининг Қуддус шаҳрига кўчирилганини қораладилар.
Мусулмон давлатлар раҳбарлари Оқ Уйнинг АҚШ элчихонасини Қуддусга кўчириш қарорини «Ислом дунёсига қарши фитна ва душманлик», дея атади.
Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон бунга қарши чоралар кўриш кераклигига чақирди.
14 май куни АҚШ элчихонасининг Тел Авивдан Қуддусга кўчирилишига норозилик билдириб намойишга чиққан фаластинликлар Исроил ҳарбийлари томонидан ўққа тутилгани оқибатида 60 дан зиёд фаластинлик ўлган, юзлаб одам ярадор бўлган эди.
ИКТнинг фавқулодда саммити давом этаётган бир пайтда Истанбул шаҳрида фаластинликларга бирдамлик рамзи ўлароқ оммавий намойиш ўтказилди.
Саммит қатнашчилари Фаластин мусулмонлар учун асосий масала бўлиб қолишини алоҳида таъкидлади.
ИКТнинг фавқулодда саммити якунида чиқиш қилган Туркия президенти Эрдўғон «халқаро ҳамжамият фаластинлик ёшлар Исроил террори оқибатида ўлдирилишига қараб турмаслиги кераклиги»ни таъкидлаб, халқаро тинчликпарвар кучларни киритиш таклифини илгари сурди.



